Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 16:39 Чоп этиш версияси

Профилактика куни самаралари

Сирдарё вилояти Боёвут туманида 2016 йилнинг дастлабки уч ойида турли даражадаги 39 жиноят содир этилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 13 тагача камайтиришга эришилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар пайшанба – Профилактика куни сифатида белгилангани ва шу асосда тегишли тадбирлар амалга оширилаётгани жойларда турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Боёвут туманида ўтказилган шундай тадбирда туман ҳокимлиги, ички ишлар, суд, прокуратура ходимлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тумандаги 4 касб-ҳунар коллежи, 29 умумтаълим мактаби ҳамда 23 маҳалла фуқаролар йиғинида фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш, ҳудудда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилган “Давомат” тадбирларида дарсга келмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига мамлакатимизда 12 йиллик узлуксиз таълим мажбурий экани тушунтирилди. Бундай ҳолат такрорланмаслиги учун уларга огоҳлантириш берилди. Вояга етмаган фарзандларининг таълим олишига тўсқинлик қилаётган ва мунтазам таълим муассасаларига фарзандларини юбормаётган 8 ота-она билан профилактик ишлар олиб борилиб, болаларнинг дарсга қатнашишини таъминлаш чоралари кўрилди. Ишлаш учун вилоятдан чиқиб кетган 2 ўқувчи дарс машғулотларига қайтарилди.

Маҳалла – таълим муассасаси – профилактика инспектори ҳамкорлиги мустаҳкам йўлга қўйилган жойда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, тумандаги “Учтургон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жорий йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган.

– Учтургон маҳалласида истиқомат қилаётган 2 минг 800 аҳолининг 40 фоиздан ортиғи ёшлардир, – дейди туман ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими профилактика инспектори, майор Ш.Элибоев. – Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳамда интернетдан фойдаланишда турли ёт ғоя ва иллатлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш зарурлиги мисоллар ёрдамида ота-оналарга атрофлича тушунтирилмоқда.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тумандаги 1 минг 423 хонадоннинг турмуш шароити ўрганилди. Улар томонидан кўтарилган масалаларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Туман ички ишлар бўлимида илгари судланган шахс сифатида профилактик ҳисобда турган 67, оиласида мунтазам муаммолар бўлган 23 киши билан якка тартибда тарбиявий профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Мулоқотларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
586






Все о погоде - Pogoda.uz