Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 12:30 Чоп этиш версияси

Профилактика куни барчани огоҳликка чорламоқда

Интернет тармоғида пайдо бўлган «Кўк кит» ўйини аслида оддий ўйинмас, балки ҳали оқ ва қоранинг фарқини яхши билмайдиган ўсмирларни ажал комига етаклаётган жарликдир. Айрим мамлакатларда бу хавфли ўйин қурбонига айланганлар бор.

Хўш, биз бу хавфдан қанчалик огоҳмиз? Сизу бизнинг фарзандимиз шу ўйин домига тушмаслигига кафолат борми? Бунинг учун ўғил ва қизларимиз нима билан машғул эканига кўпроқ қизиқишимиз, фарзандимизда турли зарарли одат ёки қизиқишлар пайдо бўлмаганига ишонч ҳосил қилишимиз керак.

Профилактика кунида пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 135-умумтаълим мактабида ўтказилган «Давомат» тадбирида ўқувчиларнинг нафақат дарсларга қатнашиши, балки уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига қанчалик риоя этаётгани ҳам эътибордан четда қолмади. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек. Синфхоналар мактаб либоси ўзига ярашган, кўзлари чақнаган ўғил-қизларга тўла.

Мактабнинг бир синфига кирганда туман ички ишлар бошқармаси ходимлари ўқувчиларнинг билакларини текшириб кўришга қарор қилди. Кутилмаган ҳолат рўй берди: икки ўқувчининг билакларида ўткир буюм билан кесиб чизилган балиқнинг расми борлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув давомида ушбу ўқувчилар интернет тармоғида “Кўк кит” номи билан тарқалган ўйиннинг видеоролигини кўриб, билакларига китнинг суратини чизганликлари маълум бўлди. Ўқувчиларнинг ота-оналари бундан мутлақо бехабар экан. Аянчли ҳодиса қандай оқибатга олиб бориши нафақат ўқувчилар, балки ота-оналарига чуқур тушунтирилди.

Бу ҳолат аниқланмай қолиши, шу ўқувчилар ажал домидан ортга қайта олмаслиги ҳам мумкин эди. Яхшиямки, профилактика куни муносабати билан мактабларда, ўқувчилар ўртасида илдиз отаётган айрим иллатлар аниқланиб, уларни бартараф этишга имконият туғилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пайшанба – профилактика куни сифатида белгиланганидан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.

Навбатдаги профилактика кунида Яккасарой туманидаги интернет клублар, уларга кимлар ташриф буюраётгани ва нималар билан машғуллиги билан қизиқдик. Бобур кўчасидаги уйда жойлашган компьютерхонадамиз. Ним қоронғу хонада йигирматадан кўпроқ компьютер бўлиб, уларнинг ҳар бирида турли ёшдаги йигитлар турфа ўйинлар билан машғул. Қизиқ, соат энди 11 дан ошган бўлса, булар бу вақтда ё ишда, ё ўқишда бўлиши керак эмасми?

Уларнинг айримларини суҳбатга тортамиз. Ўзини Ботир (исмлар ўзгартирилган), деб таништирган ўсмир коллеж талабаси экан. Дарс вақтида бу ерда нима қилаётганини сўраганимизда, у ҳозир дарс йўқлигини, амалиёт вақти эканини айтди. Коллежнинг қайси йўналишида таҳсил олиши билан қизиққанимизда, у елка қисиб қўйди. Амалиётни қаерда ўташи кераклигини сўраганимизда, у ҳарқалай «Сергелида», деб жавоб берди. Унинг гуруҳдошидан ҳам худди шундай жавоб олдик.

Тумандаги яна бир неча интернет-кафеларга бош суқдик. Барчасида болалар, ўсмирлар. Аянчлиси, уларнинг кўпчилиги интернетдан илм ёки бирор фойдали маълумот эмас, ўйин ўйнаш мақсадида фойдаланаётгани аён бўлди. Ҳали дарс вақти тугамаган бўлса-да, туман ички ишлар бошқармасининг жамоат тартибини сақлаш ва пост-патруль хизматининг автобуси ўқувчиларга тўлай, деб қолди.

Уларга қараб беихтиёр ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг кўзи қаерда, деб ўйлайди киши. Аслида улар тарбиядек нозик ва масъулиятли масалани бир-бирига копток мисол отаётганга ўхшайди.

Бўлмаса ҳали вояга етмаган ўсмирларнинг мобиль телефонларида беҳаё видеолар учрармиди? Лицей ўқувчиси Ҳамиднинг телефонида йигирмата беҳаё мазмундаги видеоролик борлиги туман ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган.

Бундай нохуш ҳолатлар, афсуски, таълим муассасаларида учраб турибди. Энг ёмони, ана шундай иллатлар ҳали онгу тафаккури тўла шаклланмаган, ҳамма нарсага қизиқиши баланд фарзандларимизни ўз таъсирига янада кўпроқ тортиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун фарзанд тарбиясига ота-оналар жиддий муносабатда бўлиши зарур. Профилактика кунларида аниқланаётган юқоридаги ҳолатлар ҳар биримизни огоҳликка чорлайди.

Профилактика кунида Яккасарой туманининг айрим маҳаллаларида нотинч оилалар вакиллари билан суҳбатлар олиб борилган бўлса, баъзи маҳаллаларда сайёр суд мажлислари ташкил этилди. Қўриқлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ профилактик тадбирлар ҳам ўтказилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида профилактика куни муносабати билан ўтказилган брифингда ўтган бир ҳафта давомида ўттиздан ортиқ жиноят фош этилгани ва қидирувда бўлган 45 нафар шахс ушлангани маълум қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 838






Все о погоде - Pogoda.uz