Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида “Тозалаш-Антитеррор”, “Паспорт-виза” тадбирлари ўтказилмоқда

Тошкент вилояти ички ишлар органлари томонидан корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар, таълим муассасаларида ўтказилаётган учрашув ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Тошкент тумани ҳокимлиги ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Қашқарлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган муҳокама йиғилишида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилганда зудлик билан ички ишлар органларига хабар бериш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда фуқаролар ноқонуний равишда чет элга чиқиб кетишининг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш мақсадида маҳалла кўчалари, мавжуд савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига кузатув камералари ўрнатиш масаласи туман ИИБ вакиллари ва фаоллар иштирокида муҳокама қилинди.

Ҳудудда хизмат қилаётган профилактика инспекторларига маҳаллаларда вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилишини тизимли йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

Оҳангарон шаҳри ва Оққўрғон туманида “Умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий тадбирлар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш омиллари” мавзусида ташкил этилган тадбирларда ҳам вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан қилиниши зарур бўлган ишлар бўйича фикр алмашилди.

Тадбирда таълим муассасаларида ташкил этилган тўгараклар фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш борасида зарур вазифалар бергилаб олинди.

Айни пайтда вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан мунтазам равишда “Тозалаш-Антитеррор”, “Паспорт-виза” ва бошқа бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
9 681