Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 17:39 Чоп этиш версияси

Профилактика инспекторлари қасамёд қилди

Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси таркибидаги таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзларига ишониб топширилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга тантанали қасамёд қилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов ва бошқалар Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига берилаётган хизмат уйлари ва автомашиналар жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Вилоятда айни пайтда 145 ички ишлар органлари таянч пункти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 139 таси ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода жойлашган. Профилактика инспекторлари маҳалла фуқаролар йиғини раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, посбон ва фуқаролар йиғини комиссиялари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани самарасида ҳудудларда турли нохуш ҳолатларнинг олди олинаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда 80 нафар профилактика инспекторига замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашина калити тантанали равишда топширилди.

– Асли Бахмал туманидан бўлганим учун ҳозиргача оилам билан ижарада яшар эдик, – дейди Пахтакор тумани “Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғини профилактика инспектори Қилич Ўсаров. – Энди оиламдан кўнглим тинч. Давлатимиз томонидан биз, профилактика инспекторларига юксак ишонч билдирилиб, катта қулайликлар яратиб берилмоқда. Хизмат қилаётган маҳалланинг ўзида яшаб, туну кун одамлар орасида бўлиш имконияти фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Вилоят бадиий жамоалари ижросидаги концерт дастури тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева, ички ишлар вазири П.Бобожонов иштирок этди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 840






Все о погоде - Pogoda.uz