Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.10.2017 16:40 Чоп этиш версияси

Профилактика инспекторлари қасамёд қилди

Профилактика инспекторлари қасамёд қилди Бухорода вилоят ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Ў.Барноев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда ИИБ органлари таянч пунктлари ходимлари учун хизмат уйлари қурилмоқда. Ҳозирги қадар вилоятда 120 нафар профилактика инспектори ана шундай қулайликдан баҳраманд бўлди.

Қасамёд маросимидан сўнг профилактика инспекторларига имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомобиллар калитлари топширилди.

3.jpg

– Когон туманининг Баҳоуддин Нақшбанд номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган замонавий хизмат уйини беришди, – дейди профилактика инспектори, катта лейтенант Вафо Чорақулов. – Шу чоққача Қоракўл туманидан, 100 километр узоқдан қатнаб ишлардим. Энди оилам ёнимда эканидан хурсандман. Бу ўз хизмат вазифамни янада самарали бажариш имкониятини кенгайтиради. Қолаверса, маҳаллага чуқурроқ киришишим, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда жамоатчилик билан яқин ва ҳамжиҳат бўлишимда катта ёрдам беради.

Эл-юрт осойишталигини таъминлаш соҳа ходимлари зиммасидаги масъулиятни, иш самарадорлигини янада оширишни тақозо қилмоқда. Бунда мамлакатимизда ҳар ҳафта пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика тадбирлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Олиб борилаётган тегишли чора-тадбирлар, жамоатчилик билан ҳамкорлик яхши самара бераётир. Вилоятда жорий йилнинг тўққиз ойида 2016 йилнинг шу даврига нисбатан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг бир қатор оғир турлари сезиларли даражада камайди. 90 маҳалла фуқаролар йиғинида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, ички ишлар вазири П.Бобожонов иштирок этди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
2 814






Все о погоде - Pogoda.uz