Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 18:20 Чоп этиш версияси

Президентимизнинг нутқи мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган устувор тамойилдан келиб чиқди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиё минтақаси ва халқаро майдондаги вазият юзасидан сўзлаган нутқи юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Исоқжон Неъматов, Самарқанд давлат университети ўқитувчиси:

– Сайёрамиздаги энг нуфузли ташкилот ҳисобланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида ҳамма давлат раҳбарига ҳам маъруза қилиш имконияти берилавермайди. Бу минбарда сўз айтишнинг ўзига яраша талаб ва мезонлари бор. Давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, халқаро майдондаги обрў-эътибори, дунёда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат ва элатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки ҳисобга олинади.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида нутқ сўзлашига мустақил мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий воқеа, деб баҳо бериш мумкин. Президентимизнинг нутқи мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган устувор тамойилдан келиб чиқди. Ўзбекистон Республикасининг ички сиёсати ҳам, ташқи сиёсати ҳам тинчлик, фаровонлик, ҳамжиҳатликка асосланиши, инсон манфаатлари ва тараққиётга қаратилгани таъкидланди. Давлатимиз ана шундай позициядаги давлатлар билан очиқ ва тенг ҳамкорлик қилишга тайёрлиги баён этилди.

Биз, албатта, ушбу нутқ мазмун-моҳияти, унда баён этилган фикрларни махсус дарс соатларида талабаларга етказамиз, ўзаро фикр алмашамиз.

Номоз Очилов, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати:

–Мен бугунги кунимни Президентимизнинг БМТ минбарида сўзлаган нутқини телевидение орқали эшитиб бошладим. Яъни ухламадим. Давлатимиз раҳбари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот бериш билан дунё аҳли эътиборини бугун мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қаратди. 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиши, иқтисодиётнинг либераллаштирилиши, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлар ва жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилаётгани, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партиялар ролининг ошиб бораётгани ва шу каби бошқа янгиланиш жараёнлари юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига ва бошқа халқаро тузилмалар шартномаларига тўла мос келади. Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар моҳиятини сессия иштирокчилари ва дунё жамоатчилигига тўлиқ етказиб бера олди. Бу ишлар самараси эса иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимиз фаровонлигининг ошиб боришида ёрқин намоён бўлади.

Йўлдошхон Исаев, Имом Бухорий халқаро маркази бўлим бошлиғи:

–Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу пайтгача ҳам бир қатор халқаро анжуманларда дунёда кучайиб бораётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши курашишда аввало уларни келтириб чиқараётган омилларни ҳисобга олиш ва шу асосда ёшлар таълим-тарбиясига эътибор қаратиш, улар онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш зарурлигини таъкидлаган. Давлатимиз раҳбари бу сафар БМТнинг юксак минбаридан туриб сўз юритди. Ислом динини ниқоб қилган турли оқим ва ташкилотларнинг хунрезлик ва зўравонлиги муқаддас динимиз асл моҳиятидаги инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва бағрикенглик каби ғояларга мутлақо зидлигини қайд этди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкент шаҳрида эса Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани Ислом динининг маърифат дини эканини дунё аҳлига, ёшларга етказишга хизмат қилиши шубҳасиз. Шу боис ушбу ташаббус бутун ислом олами ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 503






Все о погоде - Pogoda.uz