Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 11:40 Чоп этиш версияси

Президентимиз ишончини оқлаш – биз учун шараф

Президентимиз ишончини оқлаш – биз учун шараф Фарғона шаҳридаги Болалар истироҳат боғида ана шундай шиор остида ўтказилган фестиваль ёшларнинг катта шодиёнасига айланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда мингдан зиёд ёш иштирок этди.

– Мазкур фестиваль ҳудуддаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида соғлом маънавий муҳитни тарғиб этиш, уларнинг спорт, тасвирий санъат ва китоб мутолаасига бўлган меҳр ва қизиқишини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона шаҳар кенгаши раиси Фарҳод Абдиллазов. – Сайил тарзида ўтган тадбир доирасида турли танлов ва акциялар ўтказилди. Фестивалда Наврўз байрамининг эзгу қадриятлари ҳам ўз ифодасини топган. 

11.JPG

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кубоги учун ўтказилган мини футбол мусобақасида 21-умумтаълим мактаби ўқувчилари жамоаси ғолиб бўлди ва 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. “Ўзбекистон – кўп миллатли Ватан” мавзусидаги ўзбек, рус, қирғиз, татар, немис, корейс халқларининг миллий таомлари кўргазмаси, “Китобхон ёшлар – юрт ишончи” шиори остида китоб акцияси, ҳудуддаги 41 умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган расмлар танлови, шунингдек, стол тенниси ва шахмат-шашка мусобақалари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

– Фестиваль доирасида ўтказилган танлов ва акцияларда ёшлар фаол қатнашди, – дейди Фарғона шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби Ёшлар иттифоқи сардори Аброржон Ашуралиев. – Биз, ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, ўқиб-изланишимиз учун яратилаётган шароитлар барчамизни етакчи, фаол ва ташаббускор бўлишга, Президентимиз ишончини оқлашга ундамоқда. 

13.JPG

Кўплаб танлов, акция ва мусобақалар, байрам дастурларини ўз ичига олган мазкур тадбир фарғоналик ўқувчи-ёшларнинг дўстлик, маънавият ва китобхонлик байрамига айланди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
11 341