ЎзА Ўзбек

11.08.2018 15:40 Чоп этиш версияси

Президентимиз бугунги адабий жараёнларда Абдулла Орипов ҳамда Эркин Воҳидовнинг ўрни билинаётганини айтди

Президентимиз бугунги адабий жараёнларда Абдулла Орипов ҳамда Эркин Воҳидовнинг ўрни билинаётганини айтди
Бир ёнда азим Бўзсув салмоқланиб оқиб турибди, бир ёнда қиррадор оппоқ марвариддек яп-янги бино қад ростлаб, юракларга чўғ солиб боқиб турибди. Ўртадаги салқин майдонда – асрий чинорлар соясида Президент ва бир гуруҳ ижодкорлар дилдан суҳбат қилишмоқда.

Давлатимиз раҳбари 10 август куни пойтахтда қурилаётган бир қатор иншоотлар, кўприклар, боғчаю шифохоналар, жумладан Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига атаб барпо этилаётган кўп қаватли уйлар билан танишар экан, шу баҳона ижод аҳли билан ҳам суҳбатлашди.

Даврага файз бериб турган академик Наим Каримов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ғафуров билан алоҳида меҳр, юксак эътибор ва эҳтиром билан кўришар экан, “Яна бир карра қайтариб айтаман: устозларимиз ёнимизда бўлса, хатоларимиз камроқ бўлади. Олиб бораётган ишларимизда унум ва барака бўлади. Бу сингари инсонларнинг борлиги, сафимизда тургани адабиётимиз учун ҳам, миллатимиз маънавияти учун ҳам бебаҳо ҳодисадир”, дея таъкидлади давлат раҳбари. Мулоқот давомида бугун юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот, аввало, халқимиз, унинг фаровон турмуш тарзи учун, энг муҳими, миллат маънавиятини янада юксалтириш учун эканини алоҳида қайд этиб, бу борада қилинган ва энди қилинажак ишлар юзасидан самимий фикрлар билдириб ўтди.

a0f20e34-ae23-2182-1541-17e7f663e04c.jpg

Бугунги кунда мамлакатимизда янги босқичга кўтарилган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ислоҳотлар, халқаро ва минтақавий миқёсдаги масалалар, энг аввало, қалби уйғоқ ижодкорлар назарида бўлиши лозимлигига яна бир қарра эътибор қаратилди. Суҳбат иштирокчилари, уларнинг тимсолида барча қалам аҳлига қарата: “Сизлар миллат қонида оқаётган ҳар бир ҳужайрани кўра оладиган, халқ ва Ватан тақдирига энг холис ташхис қўядиган иқтидор соҳибисизлар. Бизнинг вазифамиз сиздек истеъдод эгаларига шарт-шароит, имконият яратиш, сизнинг зиммангиздаги улуғ масъулият эса тарихимиздан бугунимизгача, келажагимизгача ўткир ва одил қалам билан адабиётга муҳрлашдир, халқимиз, хусусан, ёшларимизни адабиёт орқали тарбиялашдир”, дея юксак ишонч билдирди Президент.

Самимий руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтган суҳбат чоғида бир нарсага алоҳида эътибор бердим: гарчи мамлакат раҳбари зиммасида беқиёс ташвиш – аввало, юрт ва халқ тақдири, иқтисодий-ижтимоий муаммолар, халқаро музокаралар, ёшлар ва уларнинг келажаги каби адоқсиз масъулият турган бўлса ҳам, бир дақиқа бўлсин маънавият ва адабиёт соҳасини унутмай, ҳамиша энг муҳим масала сифатида қадрлаб келаётгани барчамизни яна бир карра қувонтирди.

Президент куни кеча бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция тафсилотларини эсга олиб, “Бу замонавий адабиётимиз учун муҳим босқич бўлди, телевидение орқали кузатдим, қардош халқлар ижодкорлари фикрини тингладим. Бироқ кўнглимнинг туб-тубида Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг ўрни билинаётганини ҳис қилдим”, деди.

Мана икки йилдирки, мамлакатимизда китоб чоп этиш, китобхонлик ва мутолаа маданиятни ривожлантириш борасида изчил ҳаракатлар бўлмоқда, бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди, танловлар жорий қилинди. Бироқ Президент куюниб таъкидлаганидек, бу соҳадаги ишлар ҳали кўнгилдагидек эмас. Маънавий яроқсиз ва бўш асарлар масъулиятсизлик билан нашр қилинаётгани, “китоб” деган муқаддас тушунчанинг қадри тушиб кетгани, сўз қадри-қимматига етарлича эътибор берилмаётгани танқид остига олинди.

Бир сўз билан айтганда, бу галги суҳбат муҳташам адабиётимиз мақомини муносиб сақлаш, уни янги-янги асарлар билан бойитиш, миллат ва Ватан ривожига хизмат қилувчи истеъдод соҳибларини кашф қилиш, уларга етарлича шарт-шароит яратиш масалаларига бағишланди. 

Президентимиз биз билан самимий хайрлашар экан, “Мен ҳамиша устозлардан мадад, ёшлардан куч-ғайрат оламан. Сизлар эса куч-ғайрат ва илҳомни халқимиздан олинглар. Мана шу халқ тақдири – барчамизнинг бугунги, эртанги тақдиримиздир”, дея ҳар биримизга катта ишонч билдирди.


Носиржон Жўраев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳиби

ЎзА
14 786