Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.12.2017 18:01 Чоп этиш версияси

Президентимиз афв этган 2700 нафар судланганларнинг 200 нафари Сурхондарёдан

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармони халқимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик каби юксак фазилатларнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 29 сентябрда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиш қабул қилинган эди. Фармойишга мувофиқ, жойларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда маҳкумлар билан якка тартибда суҳбат ўтказди. Бу жараёнда маҳкум содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, жиноят туфайли етказилган зарар қопланганига алоҳида аҳамият берилди. Ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ҳамда енгиллаштирувчи бошқа омилларга эътибор қаратилди. Жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ўрганилди.

Сурхондарё вилоятида ҳам шу асосда яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасидан ижобий тавсиф берилган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қайтган 200 дан ортиқ шахснинг оиласи бағрига қайтиши учун қулай имконият берилди. Жамиятимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши учун кенг шароит яратилди.

Ушбу ҳужжат билан мамлакатимиз тарихида илк марта афв этилаётган маҳкумларнинг жамиятда ўз ўрнини қайта топиши учун ҳар томонлама кўмаклашишга алоҳида ҳозирлик кўрилди.

– Жазони ижро этиш муассасаларида тузалиш йўлига ўтиб, қилмишининг қонунларимизга номувофиқлигини чуқур англаб етган шахсларни кечириш, уларга жамиятнинг фаол аъзосига айланишга кўмаклашиш юксак фазилатга айланган, – дейди Сурхондарё вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник И.Халилов. – Вилоятда жазони ижро этиш муассасаларидан афв этилаётган шахсларни профилактик ҳисобга қўйиш, кўникма маркази томонидан моддий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, бандлигини таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича зарур вазифалар белгилаб олинган. Саломатлигидан шикоят қилган ёки бирон касаллик аниқланган шахсларнинг даволанишига, фуқаролик паспортини йўқотган бўлса, уни қайта олишига, шу каби бошқа ҳаётий масалаларда муаммога дуч келганларга яқиндан кўмаклашилади. Лўнда қилиб айтганда, уларнинг барчаси ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватланиб, жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам берилади. Бу юртимизда инсон ҳаёти, қадр-қиммати, шаъни, эркинлиги ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият эканининг яққол тасдиғидир. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
8 075