Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 16:13 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизнинг намунали милиция таянч пунктлари

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби институтлар ташкил этилгани юртимизда тинч-осуда ҳаёт таъминланишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ички ишлар тизимида ўтказиб келинаётган «Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти» кўрик-танлови соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнаётир.

Пойтахтимизда мазкур танловнинг Тошкент шаҳар босқичи якунларига бағишланган тадбирда бу алоҳида қайд этилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Б.Қурбонов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Тошкент шаҳар прокурори Б.Қудратхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта ютуғи экани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга барча бирдек масъуллигини таъкидлади.

Барча ҳудудларда маҳалла идораси ва милиция таянч пункти инфратузилмаси замон талаблари асосида бунёд этилган. Уларда профилактика инспектори, маҳалла оқсоқоли, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, хотин-қизлар кенгаши, яраштириш комиссияси ва посбонларнинг бир жойда, ҳамкорликда фаолият юритаётгани ижтимоий масалаларни сифатли ҳал этиш ва муаммоларнинг олдини олиш имконини бермоқда.

Пойтахтимиздаги 505 маҳаллада милиция таянч пункти ташкил этилган бўлиб, уларнинг аксарияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода фаолият кўрсатмоқда. Милиция таянч пунктларининг ҳузурида факультатив тўгараклар, кичик бизнес шохобчалари, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун жиҳозланган спорт майдончалари мавжудлиги маҳаллалар ободлиги, муҳити соғломлигига хизмат қилаётир.

Танловда айнан шу жиҳатларга, маҳаллада ўрнатилган тинчлик-барқарорлик, бу борада профилактика инспекторлари кўрсатаётган фидойи меҳнат натижаларига эътибор қаратилди.

Шайхонтоҳур тумани Чақар маҳалласидаги 363-милиция таянч пункти ғолибликни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба кунлари жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилингани ишларимиз самарадорлигини оширмоқда, – дейди 363-милиция таянч пункти профилактика катта инспектори Шокир Жумаев. – Чунки шу куни профилактика чора-тадбирларини амалга оширишда маҳалла фаоллари билан бир қаторда кўплаб давлат ташкилотлари, аҳоли билан ҳамкорлик асосидаги ишлар кўлами кенгайди. Ёшлар, аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот тадбирларининг таъсирчанлиги ошди.

Юнусобод тумани Қўшчинор маҳалласидаги 406-милиция таянч пункти иккинчи, Сергели тумани Ҳабибий номидаги маҳалладаги 234-милиция таянч пункти учинчи ўринни эгаллади. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолибларга диплом ва совғалар топширилди. Санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга янада файз бағишлади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 386






Все о погоде - Pogoda.uz