Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 20:00 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги “Horev medical center” клиникасида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори самарасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти кенгаймоқда. Бу жараёнда хорижий давлатларнинг нуфузли клиникалари билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутмоқда.

Пойтахтимиздаги “Horev medical center” клиникасида Исроилнинг “Horev” шифохонаси билан ҳамкорликда замонавий тиббий хизмат йўлга қўйилган. Бу ерда исроиллик мутахассислар юз-жағ ва суяк соҳаси нуқсони, урологик ва онкологик, умуртқа поғонаси ва ички хасталиклар билан оғриган беморларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Кўрикда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 300 га яқин беморга малакали тиббий хизмат кўрсатилиб, зарур тавсиялар берилади.

– Вақти-вақти билан оёқ бўғимларим оғрийди, – дейди Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Матлуба Султонова. – Шу боис ревматолог шифокор қабулида бўлдим. Тиббий текширувдан сўнг менга зарур муолажа тайинлашди. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз.

Хорижлик шифокорлар томонидан соҳадаги илғор тажрибани оммалаштиришга қаратилган маҳорат дарслари ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Нейрохирургия илмий маркази, Травматология ва ортопедия республика илмий-текшириш институти, Республика онкология маркази ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида семинарлар ташкил этилади.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
3 006






Все о погоде - Pogoda.uz