Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 15:34 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда замонавий маҳалла марказлари барпо этилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 март куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳаллада ҳам бўлди. Бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Шу маҳалла мисолида миллий урф-одатларимизга мос «Замонавий маҳалла» намунавий лойиҳаси асосида маҳаллаларда таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, замонавий маҳалла марказларини ташкил этиш орқали ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йил 31 мартдаги «Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида «Замонавий маҳалла» марказлари намунавий лойиҳасини жорий қилиш тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз борди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада бойитиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраш, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Йиғилишда тадбиркорлик субъектлари томонидан пойтахтимиздаги барча маҳаллаларда «Замонавий маҳалла» намунавий лойиҳаси асосида маҳалла оқсоқоли, маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун хоналар, қариялар учун дам олиш хонаси, кутубхона, коммунал тўловларни қабул қилиш шохобчаси каби қулайликлар яратилган маҳалла маркази ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди. Маҳалла марказида замонавий чойхона, новвойхона, “Гўзаллик салони”, дўкон, спорт ва болалар майдончалари, савдо шохобчаси, пойабзал, маиший техникалар таъмирлаш устахонаси, кичик ателье барпо этилиши қайд этилди.

Президентимиз Увайсий номидаги маҳалланинг мўъжаз кутубхонаси фаолияти билан танишиб, мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда шундай зиё масканлари барпо этиш кераклигини таъкидлаганди. Турли бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, болаларга мўлжалланган китоблар, компьютерлар ва интернет, минглаб электрон адабиётлар базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, навқирон авлоднинг китобхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Шаҳримиздаги 505 маҳаллада барча шарт-шароитларга эга замонавий кутубхона барпо этилади.

– «Замонавий маҳалла» лойиҳаси асосида ташкил этиладиган маҳалла маркази, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриш ниятини билдирган тадбиркорлик субъектларининг мурожаат ва лойиҳалари эътиборга олиниб, уларга ер майдони ажратилади, имтиёзли кредитлар берилади, – дейди Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи У.Абдуллаев. – Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва туман ҳокимликлари тавсия этган тадбиркорлик субъектлари томонидан барпо этилади. Демак, шу лойиҳа орқали кўплаб тадбиркорлар қўллаб-қувватланади, янги иш ўринлари очилиб, аҳолига кенг қулайликлар яратилади.

Соҳа мутахассислари журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Азима Қиёсова, ЎзА
4 160






Все о погоде - Pogoda.uz