Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.11.2017 19:25 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда «Ёшлар саммити Тошкент – 2017» фестивали бошланди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ўтказилаётган мазкур фестивалда ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари қатнашмоқда. Улар жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган «Ёшлар овози» таҳлилий, илмий-амалий конференцияси ғолибларидир.

Ҳаётда қай бир касбни олиб қараманг, унинг ривожида ўзига хос талаблар бор. Дейлик тадбиркорлик. Бизнес лойиҳа етти ўлчаб бир кесилмаса ёки маҳсулотнинг сифати назардан қочирилса ишлаб чиқарувчи муваффақиятсизликка учраши аниқ. Шундай вазиятга тушиб қолмаслик учун яна нималарга эътибор бериш лозим? Айни масала юзасидан соҳага қизиқувчи, билими чуқур, мустақил фикрга эга, ташаббускор ёшлар янада жўяли таклифларни билдириши мумкин. Янги таклифлар, лойиҳаларни жамлаш, саралаш учун эса мулоқот, муҳокама майдони керак.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18 июлдаги «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган «Ёшлар саммити Тошкент – 2017» фестивали ана шу вазифани бажариш билан бирга ташаббускор ёшларни аниқлашни ўз олдига мақсад қилган. Бундай йигит-қизлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши қошида ташкил этилган Ёшлар парламентига депутат бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади. Депутатлик эса қонун ижодкорлигига қизиққан ёшларга илк тажриба мактаби бўлади.

Тадбирнинг очилишида Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори М.Комилов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари сўзга чиқди. Улар мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил ва самарали амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг иштирокчиларнинг турли соҳалар бўйича янги лойиҳа яратишдаги маҳоратини оширишга мўлжалланган тренинглар бошланди. Уларни пойтахтимиздаги етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тажрибали мутахассислар олиб бормоқда.

– Фестиваль доирасида ҳуқуқий билим, китобхонлик маданияти, экологик тушунчалар, тадбиркорлик, инновация ва ахборот коммуникация технологиялари, иқтисодиёт ва туризм йўналишларида қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган, – дейди «Ёшлар саммити Тошкент – 2017» лойиҳаси бош координатори У.Ҳошимов. – Уларда иштирокчилар танлаган йўналишидан келиб чиқиб гуруҳларга бўлинади ва маълум бир муаммонинг ечимига қаратилган лойиҳалар устида иш олиб боради, тақдимот қилади. Тадбир доирасида ёшлар пойтахтимиздаги маданий-маърифий масканларга саёҳат қилади, нуфузли меҳмонхоналар фаолияти, завод ва корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишади.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 771






Все о погоде - Pogoda.uz