ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда солиқ ислоҳотлари бўйича Гайдар ўқишлари ўтказилди

Пойтахтимизда солиқ ислоҳотлари бўйича Гайдар ўқишлари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “МДҲ давлатларида солиқ ислоҳотлари: Сабоқлар ва истиқболлар” мавзусида Гайдар ўқишлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Россия Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси ва Е.Т.Гайдар номидаги Иқтисодий Сиёсат институти томонидан ташкил этилган тадбирда асосий эътибор солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва иқтисодиётгни солиқлар воситасида тартибга солиш самарадорлигини ошириш юзасидан экспертлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга қаратилди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев ва бошқалар мамлакатимизда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва ҳисоботларни тубдан қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг амалиётга жорий этилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юки камайтирилди. Айланма маблағлардан олинадиган солиқлар оптималлаштирилди, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини камайтириш орқали солиқ тизими қайта кўриб чиқилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, солиқ сиёсатида айрим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт давомида давлатимиз томонидан яратилган солиқ имтиёзларидан оқилона фойдаланиб, тадбиркорлар ўз фаолиятини янада жонлантирди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг давлат бюджетига тушуми икки бараварга ортиши кузатилди. Йилнинг биринчи ярмида қўшимча 571 минг солиқ тўловчи аниқланди. Даромад солиғи давлат бюджетини шакллантирувчи учинчи солиқ тури экани инобатга олинса, бу муҳим аҳамиятга эга.

– Бугунги кунда мамлакатимиз солиқ органлари фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири Шуҳрат Тошматов. – Янги турдаги етти хил солиқ назорати механизмлари амалиётга жорий қилинмоқда. Бу қўшилган қиймат солиғи гувоҳномасини олиш, божхона декларацияси асосида кириб келган юкларнинг электрон ҳисоб-фактурасини жорий қилиш, бутун мамлакат тадбиркорлик фаолияти ҳисобини электрон кўринишга ўтказиш, электрон транспорт юк хати жорий қилиб, йўлдаги юклар ҳаракатини назорат қилиш ва маҳсулот тайёр бўлганидан сўнг улар савдосида онлайн назорат-касса аппаратларини жорий қилишда намоён бўлмоқда. Россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқишда эса тизимдаги янгиликлар бўйича атрофлича маълумотларга эга бўлдик.

Солиқ тизимига бу каби амалиётларни жорий этишда Хитой, Россия каби давлатлар тажрибалари ўрганилди. Бу, ўз навбатида, солиқ тўловида шаффофликни таъминлашга қаратилган. Муҳими, тизимдаги ўзгаришлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мутахассислар тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитини яратиш учун иқтисодиётда яширин савдо айланмаларини аниқлаш, бизнеснинг бўлинишига қарши курашиш ва келгусида олдини олиш юзасидан жаҳон тажрибасида синовдан ўтган механизмлар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини билдирди.

Тадбирда Россия солиқ тизими хусусиятлари, солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари ва Россия Федерациясида солиқ рискини оптималлаштириш мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди. Мутахассислар ўзаро тажриба алмашиш, икки давлат солиқ маъмуриятчилиги амалиётида эришган ютуқлари билан ўртоқлашиш ва келгусида соҳани ривожлантириш борасида узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

2 120
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА