ЎзА Ўзбек

25.06.2019 Чоп этиш версияси

Портлашдан сўнг ҳудудга мамлакат Президенти ташриф буюрди

Портлашдан сўнг ҳудудга мамлакат Президенти ташриф буюрди

Аввал хабар қилинганидек, 24 июнь куни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Арис аҳоли пункти яқинида жойлашган ҳарбий қисм ўқ-дорилар омборхонасида кетма-кет портлашлар содир бўлди. Оқибатда кетма-кет кучли ёнғин келиб чиққан. 


Бахтсиз ҳодиса туфайли ҳудудда фавқулодда ҳолат жорий этилган. 45 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Арисда эвакуация ишлари амалга оширилди. Ҳудуд аҳолиси Шимкент ва бошқа аҳоли яшаш пунктларига кўчирилди. 
Мамлакат Бош вазири Аскар Мамин баёнотига кўра, бахтсиз ҳодиса оқибатида бир фуқаро ва бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, талафотда жабрланган 165 нафар аҳолига зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шулардан, 15 киши касалхонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилган. 
Бахтсиз ҳодисадан сўнг мамлакат Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев воқеа жойига етиб келди.

Ҳудуддаги фавқулодда вазиятда амалга оширилаётган ишлар, эвакуация жараёнлари, жабрланганларга ва Арис аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ва инсонпарварлик ёрдами билан танишди. Вакилликларга тегишли вазифалар юклади.

Шунингдек, ёнғин келиб чиқишини, ёнғинлар кетма-кетлигини бартараф этиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан кўрсатмалар берилди. 

– Портлаш сабабларини ўрганиш керак. Ушбу ҳодиса бўйича тергов иши очилади. Агар жиноятчи ёки айбдорлар аниқланса, жиддий жавобгарликка тортилади, – дейди мамлакат раҳбари аҳоли билан бўлган мулоқотда. 

5 453
З. Мирзабоева, ЎзА