Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 11:42 Чоп этиш версияси

Умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир “Конституция – бахтимиз таянчи” деб номланди

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Бағдод педагогика коллежида бўлиб ўтган тадбирда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда Бош қомусимиз муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Мустақиллик йилларида халқимиз эришаётган барча ютуқ ва марралар замирида Бош қомусимизда белгилаб қўйилган принцип ва тамойиллар мужассамдир, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари И.Носиров. – Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тарғиб этиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Олимлар, ижодкорлар, саньаткорлар, спортчилар иштирокида ўтказилаётган тадбир ва учрашувларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини юксалтиришда Асосий қонунимизда белгилаб берилган тамойиллар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Марғилон шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган шундай тадбир “Конституция – бахтимиз таянчи” деб номланди. Унда Конституциямиз халқимизнинг асрий орзу-интилишларини ўзида мужассам этгани, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти қуриш ва халқимиз фаровон ҳаётининг ҳуқуқий кафолати экани алоҳида таъкидланди.

– Юртимизда биз, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашимиз, ўзимиз қизиққан соҳа билан мунтазам шуғулланишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди мактаб ўқувчиси Ирода Азимова. – Конституциямизда белгиланган ҳуқуқларимиздан тўла фойдаланган ҳолда, фуқаролик бурчимизни ҳам сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Устозларимиз бизга Конституциямизнинг ҳар бир бандини чуқур ўргатмоқда. Бугунги тадбир бу борадаги билимларимизни янада бойитишга хизмат қилади.

Тадбирда шоирлар ўз ижод намуналаридан ўқиб берди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият бағишлади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 845






Все о погоде - Pogoda.uz