ЎзА Ўзбек

05.09.2018 16:38 Чоп этиш версияси

Пиёз ўн баробар қиммат

Бугун Латвиянинг Рига шаҳрида “Riga Food-2018” 23-халқаро озиқ-овқат кўргазмаси иш бошлади. 

photo5224407011108694428.jpg

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, унда юздан зиёд ўзбекистонлик тадбиркорлар ишлаб чиқарган ва етиштирган маҳсулотлардан намуналар намойиш этилмоқда. Шунингдек, ўндан зиёд тадбиркорларимиз ўзлари бевосита иштирок этмоқда.

– “Элмир агаем”, “Sia kabulaty fruit” каби корхоналарнинг қовун, мева ва кўкатларига кўпчилик қизиқиш билдирмоқда, – дейди кўргазмада иштирок этаётган жамғарма вакили Жаҳонгир Мустафоев. – Кейин бизда етиштирилган пиёз билан қизиқаётганлар ҳам бор. Бу ерда бир килограмм пиёз 0,5 евро экан. Бу ўзимиз билан солиштирганда ўн баробар қиммат демакдир. Консерваланган ош ва қуритилган меваларга ҳам талаб юқори.

Қайд этиш жоизки, яқинда жамғарма ваколатхонаси Латвиядан расман рўйхатдан ўтказилган эди.

Ваколатхонанинг асосий вазифаси Латвия бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, хорижий ҳамкорларни топиш, маҳаллий брендлар рекламасини таъминлаш, кўргазма, ярмарка, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда тадбиркорларнинг иштирокини ташкиллаштиришдан иборат.

Қолаверса, ваколатхона хорижлик ишбилармон доира вакилларининг юртимизда бизнес фаолиятини юритиш учун яратилган шароитлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириб, уларнинг ўз сармояларини киритишга жалб қилишда фаол иштирок этади. Шунингдек, юртимиз тадбиркорларининг Латвияда савдо уйлари очиш ва хорижда ўз маҳсулотларини олиб чиқишига кўмак берилади.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 941