Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2017 15:48 Чоп этиш версияси

Пенсия ўз вақтида берилмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳам пенсия ва нафақалар Халқ банки филиаллари томонидан тарқатилмоқда.

– Ушбу ҳужжат билан Халқ банки пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банкка айланди, – дейди бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурашид Раҳимов. – Дастлаб тажриба сифатида Каттақўрғон шаҳрида пенсия ва нафақалар Халқ банки филиаллари орқали тарқатилган эди. Май ойидан Ургут, Қўшработ ва Тайлоқ туманларида ҳам ушбу тартиб жорий этилди. Июль ойидан бошлаб барча туман ва шаҳарларда пенсия ва нафақаларни нақд пулда тўлиқ Халқ банки филиаллари томонидан тарқатиш йўлга қўйилди. Бунинг учун 1 минг 100 га яқин маҳаллани қамраб оладиган 205 сайёр касса ташкил этилди. Банк филиалларига 52 “Дамас” автомашинаси ажратилиб, пул тарқатиш учун 410 нафар ходим жалб этилди. Оғир беморлар, жисмоний имконияти чекланганлар ва 80 ёшдан ошган қарияларнинг пенсия ва нафақа пуллари уларнинг уйларига етказилмоқда.

Пенсия пуллари тарқатилишида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш, фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш учун Пенсия жамғармаси ва Халқ банкида ишонч телефонлари ташкил этилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан йил охирига қадар пенсия ва нафақалар учун тўлов ҳамда молиялаштириш кунлари ҳақида уларга СМС хабар юбориш йўлга қўйилади.

– Шу пайтгача пенсия олиш учун почта идорасига бориб навбат кутиб ўтирардик, – дейди Самарқанд шаҳар Гулистон маҳалласида яшовчи Қ.Норбоева. – Энди маҳалламизда қайси куни пенсия тарқатилишини аниқ биламиз. Пенсияни нақд пулда олаяпмиз. Ногирон ва беморларнинг нафақаси банк ходимлари томонидан уларнинг уйларига етказилмоқда. Маҳалладошларимиз бундай имконият ва қулайликдан хурсанд.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 679






Все о погоде - Pogoda.uz