Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2017 12:59 Чоп этиш версияси

Партия бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида “ЎзЛиДеП бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, томорқадан унумли фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.

Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишга эътибор кучайтирилгани йилнинг тўрт фаслида ҳам арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қўшимча даромад эвазига оилаларнинг турмуш фаровонлиги ортмоқда, бозорларимиз тўкинлиги таъминланмоқда.

Партиянинг вилоят кенгаши ҳам бу борада кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Томорқачиликни ривожлантириш, ердан унумли фойдаланишни тарғиб этиш учун партиянинг вилоят кенгаши қошидаги 830 бошланғич ташкилотга 800 дан ортиқ оила бириктирилган.

– Томорқасида турли мева-сабзавот етиштираётган деҳқон ўз меҳнати билан юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда, – дейди партия туман кенгаши аппарати раҳбари Н.Йўлдошева. – Туманда 71 бошланғич партия ташкилоти фаолият юритиб, 4 минг 570 дан ортиқ аъзони ўз атрофида бирлаштиради.

Туман иқтисодиёти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган. Бу ерда деҳқончилик, чорвачилик ва боғдорчиликнинг ҳадисини олган омилкор инсонлар кўп. Айниқса, “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси бу борада катта тажрибага эга.

– Маҳалламиз аҳли ҳар йили томорқадан 2-3 марта ҳосил олмаса, кўнгли тинчимайди, – дейди 77 ёшли Севара ая Турсунова. – Бу йил келиним Мақсудахоннинг номига тижорат банкидан 5 миллион 700 минг сўм кредит олиб, томорқага эккан бодринг, помидор ва саримсоқпиёздан яхшигина даромад қилдик. Ҳосил жуда мўл бўлди.

Семинарда томорқадан унумли фойдаланаётган омилкор деҳқонлар, фермерлар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экиб, қўшимча даромад олаётгани ҳақидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
1 498






Все о погоде - Pogoda.uz