Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 16:23 Чоп этиш версияси

Парча ер бир қишлоқни боққан, болам...

Парча ер бир қишлоқни боққан, болам... Ўрол момо қишлоғимизнинг кайвониси... Отам хизмат сафари билан узоқ вақт бирон жойга кетганда, бизнинг қўриқчимиз. Момодан кўп эртак, ҳикматлар эшитганмиз. Тоғда баҳор кечроқ бошланади. Наврўздан кейинги кунлардан бирида, куншувоқда урчиқ йигириб ўтирган фаришта сиймо момом айтганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди...

Ўрол момо ҳикояси

Жумақулга (момонинг ўғли) меҳнат қилишни ўргатдим... Бухорога юбориб, ўқитдим. Малим бўлди.

–Ҳув-в тоғларни кўраяпсанми? Улар тирик, нафас олади, ўсади. Замирида меҳнат ётибди. Қандай яхши... (Юзимдан чимчиб олади, урчиқ билан орқамга урмоқчи бўлади, мен қочиб қоламан). Сен қачон меҳнатни ўрганасан (ўшанда 7 ёшда эдим). Жумақул кам бўлмади. Бир парча ерда боғ қилди – узум, анор, олма, нок, жийда, олмурт, анжир ва яна сигир-қўйлар – бу қишлоғимиз баракаси.

Шу билан момом ҳикояси тугамайди. Уни мен давом эттираман.

Синглим сариқ касал бўлиб қолди. 92-йилда қишлоқда дўхтир йўқ. Яна Ўрол момо. Тарвузни кўп ейиш керак экан. Уни қаердан топамиз? Албатта, Жумақул акадан... Синглим тузалди.

Қишлоқда қиш оғир келади. Қор кураб мактабга борганимиз, ҳатто боролмаганимиз кўп бўлган. Шамоллаб қолсак, ота-онамнинг жигари эзилганини энди англаяпмиз. Сабаб битта – бу, томарқада меҳнат қилиш. Унда олтин етиштириш мумкин.

Зуҳра момо ҳикояси

Турдибой Яҳёевни Нурота аҳли яхши билади. Жафокаш, бағрикенг, зиёли инсон.

Қишлоқда оғир кунлар. Одамлар бир бурда нонга зор. Саксонинчи йиллар саргардонлиги... Аммо меҳнат қилганга толе ёр экан. Турдибой бобо хонадонида ҳар куни 40 кишига етгулик қозон қайнайди. Сабаб шуки, бу ҳовли томорқасида меҳнат қилинади...

Энг бахтли, соғлом катта онам ҳамон томорқада ишлайди 

Ойхол онам пиёзни бегона ўтлардан тозалаётган экан...

Қўлимда иссиқ нон оғирлик қилди. Мен бу нонни катта онам учун олгандим. Билсам, уни менга онам етиштириб берган экан. Қандай ёқимли.

80 ёшни қаршилаётган катта онам томорқада меҳнат қилишдан чарчамайди. Меҳнатдан кўнгли яйрайди. Бизга уқтирадики, меҳнат қилсанг – кам бўлмайсан.

Буюк ҳикмат.

13-қаватдаги тўти ва гуллар. Томда кўчат етиштираман

Пойтахт. Мустақиллик майдони ёнбошида жойлашган 16 қаватли, соатли бино. Унинг 13-қавати. Ҳамкасбимнинг хонасига кирсам, тўти гапиради, гуллар сайрайди...

Ишдан сўнг уйимга бориб, ўйлайман...

Тошкентдаги кўп қаватли уйлар томи асосан бўш ётибди. Мен шунда гуллар ва лимон экишни, ҳатто эрта баҳорда қулупнай етиштиришни кўнглимга тугдим.

Сиз нима дейсиз, азизлар!

Улуғбек Асроров, ЎзА
4 594