ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Пахтаободликлар йиллик режани ортиғи билан бажарди

Пахтаободликлар йиллик режани ортиғи билан бажарди

Андижон вилояти Пахтаобод тумани пахтакорлари жорий йилда 6 минг 481 гектар майдонда ғўза парвариш қилди. Давлатга 19 минг 333 тоннадан зиёд сифатли пахта ҳосили топшириб, белгиланган йиллик режани Андижон вилоятида биринчи бўлиб бажарди.

– Пахта йиғим-терими юқори уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Одинахон Хайиталиева. – Туманимиздаги 67 маҳалла фуқаролар йиғинларидан уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакиллари 74 та терим отряди таркибида теримга жалб этилди. 

Энг асосийси, пахта ҳосили четдан келадиган ёрдамчилар кўмагисиз териб олинди. Терилган ҳар бир кило пахта учун теримчиларга 1000 сўмдан пул тўланди. Терим пуллари кунма-кун бериб борилди. Шунингдек, теримчиларга тушликка иссиқ овқат ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. 

Бу каби эътибор ва рағбат, терим пулларининг кунма-кун бериб борилиши, илғорларни моддий ва маънавий тақдирлаш, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш теримчиларни фаолликка, фидойилликка ундади. Кўплаб оилалар вакиллари 10-12 тонна пахта териб, оқ олтин хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшди. 

– Икки нафар ўғлим, келиним, қизим билан теримда оилавий иштирок этдик, – дейди Боғигулистон маҳалласида яшовчи, 62-терим отряди аъзоси Зарифахон Комилова. – Фермер хўжаликлари томонидан бепул тушликлар тайёрлаб берилди, терим пуллари кунлик бериб борилди. Ҳозиргача 10 миллион сўмдан ортиқ даромад топдик. Қолаверса, илғор теримчилар қатори туман, вилоят ҳокими совғаларини олишга муяссар бўлдик. Бу албатта, оиламиз бюджетининг яхшиланишига ёрдам беради.

Тумандаги мавжуд 264 та фермер хўжалигининг 170 дан ортиғи йиллик режани ортиғи билан адо этди. Айниқса, “Сарвиноз парвози”, “Олтин”, “Карим сайёд”, “Ўткирбек Шокиров”, “Мақсуда Қаҳрамон”, “Файзулло” каби илғор фермер хўжаликларида ҳосилдорлик гектарига 40-45 центнерга етказилди. 


Йиғим-теримни уюшқоқлик ва юқори савияда ўтишида теримчимларни моддий рағбатлантириш билан бирга, уларнинг бўш пайтларини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Дала-шийпонларда ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар билан ўтказилган учрашувлар теримчиларга куч-ғайрат, шижоат бағишлади. 

1 163
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА