Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 12:14 Чоп этиш версияси

Пахтакорда “Шахсий томорқадан самарали фойдаланиш йўллари” мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди

Пахтакорда “Шахсий томорқадан самарали фойдаланиш йўллари” мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳузуридаги сиёсий таълим маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишнинг аҳамияти юзасидан маърузалар тингланди.

Иштирокчилар тумандаги вилоятлараро Жанубий Мирзачўл магистраль каналидан фойдаланиш бошқармаси жамоасининг томорқадан фойдаланиш тажрибаси билан танишди. Бошқарманинг 20 нафар ишчиси 50 сотих ердан самарали фойдаланиб, ойлик маошларидан ташқари яхшигина қўшимча даромад олмоқда.

7.JPG

Бошқарма ходими Мурод Аҳмедов эрта баҳорда ўзига бириктирилган ерда плёнка остида помидор, қалампир, булғор қалампири кўчатларини парваришлайди. Кўчатларни харидорларга тарқатгач, бўшаган майдонга картошка экади. Шу тариқа ердан йил давомида унумли фойдаланади. Бу эса рўзғорга яхшигина фойда келтиради.

13.JPG

Иштирокчилар ҳудуддаги Сувонобод, Оқбулоқ қишлоқларида шахсий томорқадан самарали фойдаланаётган аҳоли хонадонлари тажрибаси билан танишди. Оқбулоқ қишлоғида яшовчи Шерали Қаршиевнинг томорқадан ўтган йили қандай қилиб 20 миллион соф фойда олгани барчада катта қизиқиш уйғотди.

11.JPG

– Ушбу семинар давомида томорқадан фойдаланиш тўғрисидаги фикрларим ўзгарди, – дейди тадбир иштирокчиси Мухлиса Мелибоева. – Кўпинча пул топиш, яхши яшашни орзу қиламизу, аммо оёғимиз остидаги ердан унумли фойдаланишни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Мен ушбу тадбир давомида кўрган-эшитганларимни ўз томорқамда амалга оширмоқчиман.

Тадбирнинг бошқа иштирокчилари ҳам ушбу кўргазмали семинар амалий аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
7 373