ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Пахта теримига ходимларни мажбуран жалб этган раҳбарлар жаримага тортилди

Пахта теримига ходимларни мажбуран жалб этган раҳбарлар жаримага тортилди

Нукус шаҳар 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 31-умумтаълим мактаб раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилди. Улар ишчи ва хизматчи ходимларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран жалб этган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Унга кўра, вазирлик томонидан яна бир нечта пахта теримига мажбуран жалб қилиш ва теримчиларга етарли шарт-шароит яратмаслик ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Жиззах вилояти Арнасой тумани АТБ “Халқ банки” бошқарувчиси, ҳудуд Тиббиёт бирлашмаси бош врачи, “Сувоқова“ ДУК Арнасой тумани филиали бошлиғи ҳам қўлостидаги ходимларни пахта теримига мажбуран йўналтирган. Шу туфайли улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида жаримага тортилди.

Жиззах вилояти Дўстлик туманида жойлашган “Севдиёт” фермер хўжалиги раҳбари эса теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермаган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилди.

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Ирригация бўлими бошлиғининг қилмишлари ҳам кодекснинг айнан шу қисми билан жаримага тортилишга асос бўлди. Яъни, у ходимларни пахта йиғим-терим вақтида бажарилмаган иш ҳажмлари учун пул маблағлари тўлаб берган.

Қарши шаҳри “Обод” автотранс МЧЖ директори йўналиш бўйича йўловчиларни ташишни амалга оширувчи “Дамас” русумли автомобиль ҳайдовчиларини уларнинг розилигисиз пахта далаларига теримчиларни ташишга мажбурлагани сабаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида маъмурий жарима тўлайдиган бўлди.

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, Мирзачўл тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари теримчилар учун етарли шарт-шароитларни яратмаганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилди. Уларнинг сафида Андижон вилояти Улуғнор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бор. У пахта териш учун келган ишчиларнинг ётоқ жойида зарур шарт-шароитларни яратишга масъулиятсизлик билан ёндашган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7-10 баробари қийматида маъмурий жарима қўлланилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қайд этганидек, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилоф.

– Агар сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг, – дея эслатмоқда вазирлик Матбуот хизмати.

1 843
ЎзА