ЎзА Ўзбек

10.09.2018 15:53 Чоп этиш версияси

Ота-оналар университет шароити билан таништирилди

Ота-оналар университет шароити билан таништирилди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида биринчи босқич талабаларининг ота-оналари билан учрашув ўтказилди.

Профессор-ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этган ушбу тадбирда университет ректори Баҳодир Ходиев ва бошқалар мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёшларнинг пухта билим олиши учун олий таълим муассасаларида таълим сифатини янада яхшилаш борасида самарали ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Жорий йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавр босқичига 500 дан ортиқ талабалар қабул қилинди. Ўқув хоналарида барча зарур шароитлар яратилган. Нуфузли хорижий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Учрашувда университетдаги шарт-шароитлар, талаба одоби, уларнинг таълим олиши бўйича ҳамкорликдаги ишлар кўлами, олдинда турган вазифалар муҳокама қилинди. Бу борада махсус тайёрланган видеороликлар намойиш этилди.

Тадбир давомида ота-оналар яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбари ва университет жамоасига ўз миннатдорлигини билдирди. Талабаларга омад тилаб, университет билан ҳамкорлик қилиш юзасидан ўз таклифларини айтиб ўтди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
2 863