Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 13:38 Чоп этиш версияси

Ота-она ажримининг жабрини бола тортади

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида Термиз шаҳри ва Жарқўрғон туманида сайёр қабул ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топишнинг самарали тизими яратилгани қонун устуворлигини таъминлаш, одамларда давлатга, эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхоналарига фуқаролардан 12 минг 295 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 794 таси бевосита суд-ҳуқуқ тизимига оид.

Мазкур сайёр қабулларда Олий суд раисининг ўринбосари Б.Деҳқонов ва бир гуруҳ судьялар икки кун давомида фуқароларнинг мурожаатини тинглаб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўрди. Вақт талаб этиладиган ариза ва шикоятлар алоҳида назоратга олинди.

Ангор туманидаги Зартепа маҳалласида яшовчи Н.Тошпўлатова уч фарзандни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Тўққиз йил муқаддам турмушидан ажрашган.

– Собиқ турмуш ўртоғим фермер хўжалигида ишлайди. Бир ярим йил бўлдики, фарзандларимиз учун алимент пулини тўламай қўйди, – дейди Н.Тошпўлатова. – Шу боис бироз қийналиб қолдик. Бу масала ечимини топмай келаётган эди. Мана, бугун Олий суд судьяларига барчасини очиқ айтдим. Мутасаддилар тегишли топшириқ олди. Ишимни зудлик билан ҳал этиб берадиган бўлишди. Адолат қарор топаётганидан хурсандман.

Тадбир доирасида Термиз шаҳри ва Жарқўрғон туманида ўтказилган очиқ суд мажлисларида мамлакатимиздаги инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида бўлиб ўтган Шеробод тумани судининг очиқ суд мажлиси ажрими билан тумандаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган ва хулқ-атвори яхши томонга ўзгарган етти маҳкум озодликка чиқарилди.

Шўрчи туманида туғилган О.Мусаев ўтган йили ўғрилик жиноятини содир этишда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган. Жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг ажрими билан О.Мусаевнинг ўталмай қолган 3 йил 1 ойу 14 кунлик жазо муддати ойлик иш ҳақидан қисман давлат фойдасига ундириб бориш шарти билан шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилди.

– Яқинда 21 ёшга тўламан, – дейди О.Мусаев. – Етти ёшимда отам билан онам ажрашиб кетган. Рўзғор учун аёл кишининг топгани етмас экан. Коллежда ўқиб юрган давримда бошқа тенгдошларимдек яшаш учун онамга сездирмай одамларнинг пулини ўмарадиган одат чиқардим. Жиноят жазосиз қолмаслигини билмаганман. Коллежда учинчи бочқичда ўқиб юрганимда жиноятчига айланиб, онамнинг юзини ерга қаратдим. Бундан жуда афсусдаман. Менинг истагим, бу дунёда ҳеч бир ота-она турмушидан ажрашмасин. Бундай оилада ҳали ақлини таниб олмаган фарзандлар жабр кўради. Энди сидқидилдан меҳнат қилиб, фақат ҳалол яшайман. Жиноят кўчасига кириб қолган биздек маҳкумларни кечираётган давлатимиздан миннатдорман.

Олтинсой туманидаги Бўстон маҳалласида яшовчи 34 ёшли О.Жўраев турмуш ўртоғи Г.Тўраева билан 2008 йил ажрашиб кетган. Ҳозир уларнинг 15 ёшга тўлган бир фарзанди бор. Лекин О.Жўраев фарзанди вояга етгунча иш ҳақидан тўлаб бориши лозим бўлган алимент пулини бир неча марта огоҳлантирилган бўлса-да, қасддан бўйин товлаб, 10 йил давомида тўламай келган. Бу қилмиши учун унга нисбатан яқинда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгач, жабрланувчига етказилган моддий зарар – 26 миллион 925 минг 585 сўм оила аъзолари томонидан тўлиқ қоплаб берилган.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Олтинсой тумани суди жабрланувчи Г.Тўраеванинг бошқа даъвоси йўқлиги, эрини кечиргани ва ярашув тўғрисидаги аризаси ҳамда О.Жўраевнинг қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, уни суд залидан озодликка чиқарди.

– Шунча йил фарзандимнинг моддий таъминотидан бўйин товлаб келганимга иқрорман, – дейди О.Жўраев. – Энди содир этган бу ишимнинг хунук оқибатларини чуқур англаб етдим. Ўғлим вояга етгунча унинг моддий таъминотига ойлик даромадимнинг белгиланган қисмини ўз вақтида йўналтириб тураман. Бу қилмишим жиноят экани ва унга жазо муқаррарлигини тўлиқ тушуниб олдим.

Сайёр қабул чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б.Деҳқонов фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган очиқ мулоқот ўтказиб, иштирокчиларга суд-ҳуқуқ соҳасида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида гапириб берди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 055