Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 17:35 Чоп этиш версияси

Осойишталик посбонлари ҳамиша сергак

Мамлакатимизда замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ, профессионал ҳарбий мутахассисларга эга миллий армиямиз барпо этилиб, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш шон-шараф ишига айлангани юртимиз мустақиллиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар асносида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари билан видеомулоқот ўрнатиш, мард, жасур ўғлонларнинг оналарини улуғлаш ҳам ажойиб анъанага айланди. Бу каби тадбирларда Ватанимизнинг турли ҳудудларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ота-оналари билан дийдорлашаётгани, ҳарбий қисмларда яратилган шароитлар акс этган видеолавҳалар намойиш этилаётгани, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришаётган аскарларнинг оналарига ҳарбий қисмларнинг ташаккурномалари тантанали топширилаётгани, сафдошларига ўрнак бўлаётган йигитларнинг “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли тадбир жараёнида бир қучоқ гул билан оналар даврасига кутилмаганда ташриф буюриши барчага манзур бўлмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Далварзин маҳалласида улғайган Жасур Холиёров йигитлик бурчини Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтамоқда. Термиз шаҳрида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган “Аскар оналарини шарафлаймиз”, деб номланган тадбирга Жасур ҳам кириб келгани онаси Шоира Бобоқуловага кутилмаган совға бўлди.

– Ҳарбий қисмлардан намойиш этилган видеолавҳаларни томоша қилиб, ўғлим Жасуржон ҳам тинч-осойишта ҳаётимизни таъминлашга ҳисса қўшаётганидан фахрланиб ўтирган эдим, – дейди Шоира опа. – Унинг даврага бир қучоқ гул билан келишини сира кутмадим. Аскарлар орасида ўғлимни кўрганимда аввалига кўзларимга ишонмадим. Мамлакатимизда аскар оналари шарафланаётгани ҳам, ҳарбий хизматда бўлса-да, байрам арафасида фарзандларимизни биз билан дийдорлашишга юборишаётгани ҳам Ватанимиздаги тинчлик-осойишталик ва сарҳадларимиз ҳамиша ишончли қўлларда экани далолатидир.

Қуролли Кучларимизда юз берган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида кекса авлод вакиллари фахр билан сўзламоқда. Дунёнинг турли минтақаларида ҳар хил низо ва можаролар юз бериб турган бугунги замонда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит халқимиз, айниқса, навқирон авлод онгу тафаккурида жаннатмонанд юртимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга масъуллик туйғусини мустаҳкамламоқда. Ота-оналар қалбида тинч-осойишта ҳаётга шукроналик ҳиссини, мард ва жасур ўғлонларнинг Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга қизиқиш ва интилишини кучайтираётир.

Муддатли ҳарбий хизмат бурчини Сурхондарё вилоятида ўтаётган оддий аскар Нуриддин Каримов Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилиб ўсган. У Заркент агросаноат касб-ҳунар коллежини битириб, муддатли ҳарбий хизматга астойдил ҳозирлик кўрди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларини ҳимоя қилишга сафарбар этилди. Аскарлик даврида унинг ҳаётга муносабати тубдан ўзгарди.

– Аждодларимиз хоки ётган муқаддас заминмизни ташқи таҳдид ва хатарлардан қўриқлаш, бунёдкор халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш дунёдаги энг шарафли иш эканини ҳарбий хизмат даврида янада теран англамоқдаман, – дейди оддий аскар Н.Каримов. – Бу ерда жисмонан чиниқдим, маънан юксалдим, етарли билим ва кўникмага эга бўлдим. Келгуси ҳаётимни шу соҳа билан боғлаб, чегарачи бўлишга аҳд қилдим.

Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига бефарқ бўлмаган мард ўғлонлар қалбида чечак отаётган бундай эзгу ниятлар жаннатмонанд юртимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш борасида кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик натижасидир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 214






Все о погоде - Pogoda.uz