Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2017 18:01 Чоп этиш версияси

Осойишталик – бебаҳо бойлик

Мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилоятидаги 74 маҳалла фуқаролар йиғинида ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этилмагани фикримиз тасдиғидир.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда 12 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Профилактика инспекторлари маҳалла фуқаролар йиғинлари билан яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар камайишига эришилмоқда. Бу ҳамкорликни кучайтиришда профилактика инспекторлари хизмат хоналарини маҳалла идоралари билан бир бинога жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жиззах вилоятида мавжуд 145 ички ишлар органлари таянч пунктининг 139 таси ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода жойлашган.

Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласи идораси билан бир бинода жойлашган 8-таянч пунктида профилактика ишлари намунали йўлга қўйилган. 12 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳалладаги таянч пункти ўтган йили “Намунали ички ишлар органлари таянч пункти” кўрик-танловининг вилоят босқичида иккинчи ўринни эгаллади.

– Маҳалла посбони билан доимий ҳамкорликда ишлаймиз, – дейди мазкур маҳалла профилактика инспектори Ж.Намозов. – Маҳалла фаоллари, ҳудуддаги муассасалар, жамоат ташкилотлари билан ҳар ҳафта пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика тадбирларида ҳафта давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинади. Бунинг самарасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.

Вилоятда 2017 йилнинг биринчи ярмида жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 тага камайган. Айниқса, босқинчилик, талончилик, фирибгарлик, безорилик, гуруҳ бўлиб жиноят содир этиш, номусга тегиш каби жиноий ҳаракатлар сезиларли даражада камайгани эътиборлидир.

– Пайшанба кунлари мунтазам ўтказилаётган профилактика тадбирлари ҳудудларда осойишталикни янада мустаҳкамлашда юксак самаралар бермоқда, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ж.Авазов. – Профилактика куни ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари ва бошқа идоралар мутасаддилари иштирокида ҳудуддаги маънавий, иқтисодий, демографик вазият атрофлича таҳлил қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликлар биргаликда бартараф этилаётир. Бу ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Профилактика тадбирлари давомида ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган 15 минг 479 фуқаро ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди. Бу тадбирлар давомида диний экстремистик оқимларга мойиллиги бўлган ва муқаддам судланган фуқароларга яшаш ҳамда меҳнат шароити яратиш, жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 919






Все о погоде - Pogoda.uz