Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 17:47 Чоп этиш версияси

Осойишталик маликаси

Осойишталик маликаси Милиционер қизнинг пайдо бўлиши машҳур кинодагидек “маҳаллада дув-дув” гап бўлди. Тўғри, ички ишлар органларида хотин-қизларнинг ишлаши ҳозирги кунда ҳеч кимга янгилик эмас. Аммо арслондек профилактика инспекторлари осойишталикни сақлашни зўрға уддалаган Совунгарлик маҳалласида бу вазифага милиция лейтенанти Малика исмли қизнинг келишини ҳеч ким кутмаган эди.

Бунинг боиси, Жиззах вилоятида ички ишлар органлари таркибида хотин-қизлар унчалик кўп эмаслиги. Қолаверса, профилактика инспекторлари орасида қизлар жуда кам.

9.JPG

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини битирган Малика Саидова Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимининг 35-таянч пунктида профилактика инспектори бўлиб иш бошлаганига етти ойдан ошди. Бу давр лейтенант қиз ҳудудда осойишталикни таъминлаши, одамлар орасида ўз ўрнини топиши учун етарли бўлди.

– Малика дастлаб ишга келган пайтда ҳали тажрибаси кам, бунинг устига қиз бола шаҳар билан туман чорраҳасидаги 4 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган ҳудудда осойишталикни қандай таъминлар экан, деб анча ўйланган эдим, – дейди "Совунгарлик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳ.Хидиров. – Аммо маҳалламизда тинчликни таъминлаш бўйича кўрсаткичларимиз олдинги йилларга қараганда яхшиланди. Бу, албатта, профилактика инспекторимиз Малика Саидованинг хизмати туфайли.

Малика тумандаги Қаҳрамон қишлоғида туғилиб ўсган. Қишлоқдаги мактабни, сўнг Жиззах шаҳридаги транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежини битирган. Энг катта орзуси ички ишлар ходими бўлиш эди. Бу орзусига эришиш учун астойдил ҳаракат қилди. Республика Ички ишлар вазирлиги академиясига кириб, уни муваффақиятли битирди.

6.JPG

– Инсон ўз касбини қаттиқ севса, қийинчиликлардан қўрқмас экан, – дейди Малика. – Мен бу касбга болалигимдан жуда қизиққанман. Орзуимга эришдим. Ишимни севаман. Ҳамиша кўпчилик орасидаман. Одамларга фойдам текканида ўзимни жуда бахтли ҳис этаман. Айниқса, кейинги пайтларда милиция ходимлари билан одамлар орасида бир-бирларига ўзаро ишонч ортаётганидан қувонаман. Бу давлатимиз томонидан ички ишлар хизмати тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси, албатта. Ўтган йилнинг декабрь ойида вилоятимизнинг 200 га яқин профилактика инспектори қаторида автомашина, хизмат уйи олдим. Бу ғамхўрликлар касбимга муҳаббатимни янада оширди.

Малика ўз касбининг чинакам фидойиси эканлигини унинг ўтган қисқа даврда ҳудудда осойишталикни таъминлашда эришган яхши натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Туман ички ишлар бўлимининг 35-таянч пункти Жиззахлик, Зиёкор, Ховостлик ва Совунгарлик маҳаллаларига хизмат кўрсатади. Бу маҳаллалар орасида Маликага бириктирилган Совунгарлик энг осойишта ҳудуд ҳисобланади. Ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда жиноят содир этилмади. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик кескин камайди. Бу яхши натижаларга эришишда профилактика инспекторининг ҳиссаси катта албатта.

– Малика ёш бўлишига қарамай, ҳамкасбларининг ҳам, ўзи хизмат қилаётган маҳалла одамларининг ҳам ҳурматига сазовор бўлган ички ишлар ходими, – дейди 35-таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Ойбек Дувлонов. – У ўз касбини пухта эгаллагани учун ҳар қандай вазиятда қонуний, тўғри қарор қабул қила олади. Бу бизнинг касбимизда жуда муҳим фазилат. Унинг бошқалардан ажралиб турадиган яна бир муҳим фазилати ўқиш-изланиш, ўзидан катталарнинг тажрибасини ўрганишдан тўхтамаслигидир. Сафимизга шундай иқтидорли ёш мутахассислар, айниқса, қизлар қўшилаётганидан хурсандмиз.

Буни Малика ҳар куни маҳалладаги 10-15 хонадонда бўлиб, бири билан суҳбат, бирида тушунтириш ўтказишдан ташқари, кимгадир моддий ёрдам, кимгадир кредит олишга, ишга жойлашишга амалий кўмак беришга улгураётганида ҳам кўриш мумкин. Бу ишлардан вақт топиб ўқийди, билимини оширади.

– Малика маҳалламизнинг “Осойишталик малакаси”га айланди, – дейди “Совунгарлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Раъно Яҳёева. – Маҳалламиздаги айрим бебошроқ ёшлар фақат қонуннинг кучидан қўрққанидан эмас, инспектор қиздан ийманганидан, уялганидан ҳам “кўчани чангитмайдиган” бўлиб қолишда. Хотин-қизлар учун эса ўз дардини бемолол айтадиган яна бир сирдош пайдо бўлди. У одамлар орасидаги бу ҳурматга ўзининг билими, ҳақгўйлиги ва самимийлиги билан эришаётир.

Шу кунларда лейтенант Малика Саидованинг ишлари янада кўпайган. У ўзининг кундалик юмушларидан вақт топиб, маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси билан 8 март – халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш, Наврўз байрамига тайёргарлик ишларида фаол қатнашмоқда.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
10 970