Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 21:04 Чоп этиш версияси

Ҳосил чўғи бугунги ҳаракатга боғлиқ

Ҳосил чўғи бугунги ҳаракатга боғлиқ Фарғона вилояти фермерлари жорий йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил олишни мақсад қилиб, майса парваришига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш юқори ҳосилдорликка замин яратади.

Вилоят фермер хўжаликлари 109 минг 200 гектар майдонда ғалла парваришламоқда. Тўрт сектор раҳбарлари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича “Ғалла парваришида фавқулодда ҳолат” даврида кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, ғалла майдонларини шарбат билан суғориш мақсадида 17 шаҳар, туманлар штаблари ва 110 маҳаллий ўғит чиқариш отрядлари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ҳар гектар ғалла майдонига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш ва далага чиқариш бўйича фермер хўжаликлари кесимида режа-жадвал ишлаб чиқилган.

3.JPG

Шунингдек, махсус гуруҳлар хонадонма-хонадон юриб, фуқароларга тозалик ва гигиенага риоя қилиш, ҳар хил касалликларнинг олдини олиш мақсадида “Тозалик – туман бойлик, маҳаллий ўғит – мўл ҳосилдорлик” шиорлари остида аҳоли пунктлари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот ишлари олиб бормоқда.

Турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирлари ўтказилмаса, ҳосилдорлик тенг ярмига камайиши тажрибада исботланган. Бундан ташқари, доннинг сифат кўрсаткичи ҳам пасайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолади. Шунинг учун бу ишларга ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда.

Ҳозир вилоятда ғаллани иккинчи озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланиб, учинчи озиқлантириш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. 92 отряд таркибидаги 225 дона ўғитлагич (НРУ), 750 дона ўғит ташиш техникаси шай ҳолатга келтирилган.

Фарғона тумани фермер хўжаликларида ҳам ғалла парвариши қизғин. Бир текис ривожланаётган майсани шарбат усулида суғориш, озиқлантириш тажрибали ғаллакорлар тавсияси асосида амалга оширилаётир.

56 гектар ер майдонига эга “Ҳамдамов Боймурод ери” фермер хўжалигининг 40 гектарида ғалла етиштирилмоқда. Давлат хирмонига баракали улуш қўшиш ниятида меҳнат қилаётган хўжалик аъзолари айни кунларда ғалла парвариши ҳамда чигит экиш ишлари билан банд. Баравж ўсаётган ғалла майдонларида озиқлантириш, касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш ишлари авжида.

4.JPG

– Бугунги ҳар бир кун деҳқон учун ғанимат, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Боймурод Ҳамдамов. – Чунки бу йил баҳор серёғин келди. Бу ғалла майдонларида бегона ўтлар кўпайиши, касаллик ва зараркунандалар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратиш даркор. Ўтган йили 50 центнердан ҳосил олганмиз. Бу йилги режаларимиз янада улкан.

Айни пайтда вилоятдаги баъзи фермер хўжаликлари томонидан ғалла парваришида эътиборсизликка йўл қўйилаётганини ҳам таъкидлаш ўринли бўлади. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан бундай ҳолатлар бартараф этилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
4 192