Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 18:32 Чоп этиш версияси

Ортиқбой отанинг мурожаати ижобат бўлди

Инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини билиш жуда муҳим.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан жойларда ўтказилаётган учрашув ва очиқ мулоқотларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойи бошида Хоразм вилояти ҳокими, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари Шовот туманида бўлиб, аҳоли билан учрашган эди. Учрашувда аҳолига “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, ажратилаётган маблағлар, арзон нархда қурилиши режалаштирилаётган намунавий уй-жойлар, тиббий хизматларни яхшилаш, айниқса, дори-дармон маҳсулотлари нархини назоратга олиш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда аҳолини қийнаётган муаммолар бўйича мурожаатлар ўрганилди.

Мулоқотлар чоғида меҳнат фахрийси Ортиқбой ота Манглибоев у яшаётган Ўзбекистон қишлоғи ва атроф ҳудуддаги таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларида мавжуд адабиётларнинг аксарияти ўқув-қўлланмалардан иборат эканлиги, улар ўқувчи ва ўқитувчилар учун мўлжалланганлигини таъкидлаб, қишлоқдошлари учун кутубхона ташкил қилиб беришда ёрдам беришни сўради.

Ортиқбой отанинг илтимоси ижобий ҳал этилди. Мурожаат юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарлари қарор қабул қилиб, қисқа фурсатда қишлоқ ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида янги кутубхона ташкил этилди.

Кутубхонанинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди. Тадбирда аҳоли, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

– Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказлари моддий-техник базасини янгилаш, оилаларда, таълим муассасаларида китобхонлик анъаналарини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эргаш Худойназаров. – Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Янги ташкил этилган кутубхонага 1 минг 300 дан ортиқ китоб келтирилди. Китоб фонди бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган китоблар, миллий ва жаҳон адабиёти намояндалари асарларидан ташкил топди.

– Алломалардан бири китоблар дунёсини уммонга ўхшатади, – дейди Ортиқбой ота Манглибоев. – Кутубхонадаги адабиётлар билан танишар экансиз, бугунги кунда китобат соҳаси юртимизда нақадар юксалганининг гувоҳи бўласиз. Мурожаатимнинг тез фурсатда ҳал этилганидан бутун қишлоғимиз аҳли мамнун бўлди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 554






Все о погоде - Pogoda.uz