Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.05.2018 14:24 Чоп этиш версияси

Оромгоҳлар мавсумга тайёрми?

Саноқли кунлардан сўнг ўқувчиларнинг ёзги таътили ҳам бошланади. Жорий ёзги соғломлаштириш мавсумида Фарғона вилоятидаги 19 доимий ва 118 кундузги оромгоҳда 32 мингдан зиёд бола ҳордиқ чиқариши режалаштирилган. Мазкур муассасаларни мавсумга тайёрлаш ва болалар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Бугунги кунга қадар аксарият оромгоҳларда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари якунланиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг бўлим мудири Ғанишер Файзиев. – Намунавий иш-режалар тасдиқланди. Дам олувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар учун турли кўнгилочар дастурлар, спорт ва бадиий танловлар уюштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Оромгоҳларни сифатли ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавотлар билан таъминлаш борасида фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан келишув ва шартномалар тузилди.

Айни кунларда Қувасой шаҳридаги “Роҳат”, “Ниҳол”, Қўқон шаҳридаги “Коинот”, Бешариқ туманидаги “Юлдуз”, Фарғона туманидаги “Тонг” каби оромгоҳларда мавсумга тайёргарлик ишлари якунланмоқда. Шунингдек, туман ва шаҳарлардаги 850 умумтаълим мактабида соғломлаштириш марказлари ташкил этилмоқда.

Ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида ҳар бир оромгоҳда кутубхона ташкил этилиб, адабиётлар билан бойитилмоқда. Вилоят маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан барча оромгоҳларда таниқли актёрлар, санъат намояндалари, спортчилар, адиблар, олимлар билан учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Мавсум давомида оммавий спорт турлари бўйича оромгоҳ биринчиликлари, “Қувноқ стартлар”, “Ким эпчилу ким чаққон?”, “Спорт – соғлик гарови”, “Балли, йигитлар!”, “Балли, қизлар!” каби спорт тадбирлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Оромгоҳларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ўқувчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим вазифалардан. Яқинда оромгоҳларга бириктирилган тиббиёт ходимлари учун ўқув-семинар ташкил этилиб, амалга ошириладиган ишлар ва вазифалар белгилаб олинди.

Жорий йилда кам таъминланган оилаларнинг 3 мингдан зиёд фарзанди оромгоҳларда имтиёзли дам олиши кўзда тутилган. Ўқувчилар учун қўшимча равишда “Техник ижодкорлик”, “Экология, биология ва ўлкашунослик”, “Интеллектуал ривожлантириш”, “Тарбия ва спорт-соғломлаштириш”, “Меҳнат ва дам олдириш” сингари ихтисослашган гуруҳлар асосида дам олиш ташкил этилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 914