ЎзА Ўзбек

12.03.2019 14:22 Чоп этиш версияси

Оролда кўл пайдо бўлди, денгиз қайтаяптими?

Оролда кўл пайдо бўлди, денгиз қайтаяптими?

Оролнинг қуриган майдони – Мўйноқ туманидан 200 километр олисдаги Возрождение ороли ҳудудидаги Шағала деб номланувчи жойда жорий йил январь ойида ер ости чучук сув топилган эди. Мана шу отилиб чиқаётган сув манбаи атрофида кўл пайдо бўлди ва у ерга қушлар учиб кела бошлади.

– Ҳозирда биз Возрождение ороли ҳудудида, яъни биринчи қазилган қудуқнинг қошидан яна бир қудуқ қазидик, – дейди Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимов. – Бу қудуқнинг суви ҳам чучук бўлиб, қаттиқлиги 2,5 миллиграмм эквивалентга, минераллашуви эса литрига 2,5 граммга тенг. Бу биринчи қудуқнинг сувига қараганда ҳам чучукроқ дегани. Иккинчи қудуқдан бир сонияда 4-5 литр сув чиқмоқда. Ҳозирда отилиб чиқаётган оби-ҳаёт атрофи кўлга айланаётир. У ерга балиқчи қушлар кела бошлади. Оролга ҳаёт қайтмоқда. Бу мўъжизаларни биз ўз кўзимиз билан кўряпмиз. Бошқа ҳудудлардан ҳам қудуқларнинг йўналишлари қидирилмоқда.

photo5201883811766446710.jpg

Қудуқлар сони кўпайса, албатта, бу ерда ҳайвонот ва наботот дунёси ривожланади, чорвачилик йўлга қўйилади ва бошқа кўплаб ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларга ечим топилади.

Ҳозирда Оролнинг қуриган майдонида қудуқлар қазиш учун 10 та бригада жалб қилинган, улар белгиланган ҳудудларда бўрғулаш ишларини олиб бормоқда. Бугунги кунда яна иккита қудуқ 300 метрга яқин қазилди. Бу жойлардан ҳам сув чиқиши кутилмоқда. 

Жорий йилда шундай қудуқлардан 50 таси қазилиши режалаштирилган. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудидаги туманларда ўтган асрда қазилиб, сув чиқарилган, аммо йиллар ўтиши билан ишдан чиқиб, носоз ҳолатга келиб қолган қудуқларни қайта тиклаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилган.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
26 458