ЎзА Ўзбек

15.12.2017 20:07 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонлик ёшлар маҳалласи ҳақида нималарни билади?

Қорақалпоғистонлик ёшлар маҳалласи ҳақида нималарни билади? Нукусда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Танловда 15 жамоа уч шарт бўйича ўз салоҳиятини намойиш этди. Ҳар бир иштирокчи ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд тарихи, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бўйича саволларга жавоб берди.

6.jpg

Нукус шаҳридаги “Боғдорчилик” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Навқирон ёшлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни Нукус тумани маркази Оқманғит шаҳарчасининг “Оқманғит” жамоаси, учинчи ўринни Амударё тумани “Оёқчи” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Баркамол авлод” жамоаси эгаллади.

2.jpg

– Ўзимиз яшаётган ҳудуднинг янада обод ва аҳоли турмуши фаровон бўлишида биз, ёшлар ҳам масъул эканимизни чуқур ҳис қиламиз, – дейди “Навқирон ёшлар” жамоаси сардори Гулмира Алланазарова. – Маҳалламиздаги 431 хонадонда 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ёшлар таълим олаётган муассасаларда “Бир болага етти қўшни ота-она” шиори остида ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатлари яхши самара бермоқда.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
7 865