Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонлик туроператорларга алоҳида имтиёз берилди

Қорақалпоғистон Республикасига экстремал туризм соҳаси бўйича хорижий сайёҳларнинг қизиқиши ортмоқда. Устюрт платоси, Орол денгизи ҳудудига экстремал шароитда саёҳат қилувчилар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан экстремал турларни ташкиллаштирадиган Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олинган туроператорларга яхшигина имтиёз яратилди.

Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туризм операторларига истисно тариқасида экстремал турларни ташкил қилиш учун олиб кирилаётган транспорт воситаларига двигатели ҳажми 2,4 л. дан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш бўйича алоҳида давлат рақами сериясини татбиқ этган ҳолда, улардан фақат Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш шарти билан 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида бож тўловларини тўлашга рухсат этилди. 

Ушбу имтиёз натижасида қорақалпоғистонлик туроператорлар бундан буён Устюрт, Орол денгизи ҳудуди ва бошқа экстремал саёҳат жойларида ишончли юра оладиган йўл танламас автотранспортлар («Jeep», «Toyota» ва ҳоказо)ни хорижий мамлакатлардан 25 фоиз миқдорида (амалдаги ставка 100 фоиз) 5 йил мобайнида бўлиб-бўлиб тўлаш орқали харид қилиши мумкин. Бу автотранспортларга алоҳида давлат рақами серияси тақдим этилади ҳамда ушбу транспортлар фақат Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаракатлана олади.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Қорақалпоғистон ахборот агентлиги томонидан Устюрт платоси бўйлаб Орол денгизи ҳудудига икки марта, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бир марта мутахассислар, олимлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида медиатур ташкил этилди.

Анвар Насирлаев, ЎзА
12 978