Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.10.2017 12:41 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда “Friends” томонидан хайрия акцияси ўтказилмоқда

Қорақалпоғистон Республикасида Жанубий Кореянинг “Friends” нодавлат ташкилоти томонидан хайрия акцияси ўтказилмоқда. Акция давомида тажрибали шифокорлар аҳоли, хусусан, болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жанубий Кореянинг “Friends” нодавлат ташкилоти ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра, 2009 йилдан буён юз-жағ касаллиги бор болалар жарроҳлик йўли билан даволанмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирликлари билан мазкур ташкилот ўртасида 2012 йилда имзоланган меморандумга мувофиқ, хорижлик мутахассислар ҳар йили Қорақалпоғистонда бўлиб, болалар ўртасида эмлаш-профилактика ишларини амалга оширмоқда.

Ушбу ҳамкорлик доирасида ўтган йилларда Жанубий кореялик мутахассислар томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 200 дан зиёд юз-жағ жарроҳлик амалиёти бажарилди, 6 мингдан ортиқ бемор тиббий кўрикдан ўтказилди.

– Бу сафар болаларда учрайдиган юз-жағ ва стоматологик хасталикларни даволайдиган юқори малакали шифокорлар билан келдик, – дейди Жанубий Кореянинг “Friends” нодавлат ташкилоти раҳбари Ким Мёнг Дин. – Бола организмининг соғлом ўсишида муҳим аҳамият касб этадиган тиш ва милкларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бериш лозим. Туғма юз-жағ нуқсони бўлган болаларни жарроҳлик йўли билан даволамоқдамиз. Бу борада Жанубий Корея тиббиёти усулларини қорақалпоғистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда қўллаб, тажриба алмашмоқдамиз.

Акция доирасида Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларига замонавий ташхис қўйиш ва эмлаш асбоб-ускуналари тақдим этилди.

– Беш ёшли қизим туғма юз-жағ нуқсони билан туғилган, – дейди шуманайлик Гулчеҳра Ўтегенова. – Хорижлик шифокорлар томонидан амалга оширилган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли чиқди. Худога шукр, қизимнинг аҳволи жуда яхши. Бундай имкониятлар учун давлатимиздан миннатдормиз.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
8 066






Все о погоде - Pogoda.uz