Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.10.2017 08:48 Чоп этиш версияси

Ор-номусни устун қўйган халқ

Тўй – тинчлик-осойишталик, фаровонлик, тўкин-сочинлик белгиси. Халқимиз тўй қилиб, қариндош-уруғ, яқинлар билан қувончини баҳам кўришни яхши кўради. Никоҳ аталмиш муқаддас ришта боғлаб, оила аталмиш қўрғонни барпо этиш арафасида турган ука-сингилларимизга бахтли бўлинг, тўйнинг ширин ташвишлари билан елиб-югураётган уларнинг ота-онасига муборак бўлсин, дея яхши ният билдиргимиз келади.

Аммо бугунги кунда айрим оилаларда тўйни ортиқча дабдаба, исрофгарчилик билан кимўзарга ўтказиш ҳолларининг, тўйлардаги ортиқча урф-одатларнинг кўпайиб бораётгани кишини ташвишга солмай қўймайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 августдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида таъкидланганидек, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Ота-боболаримиз азалдан никоҳ масаласига ўта жиддий масъулият билан қараган. Соҳибқирон Амир Темур бу масалага алоҳида аҳамият берган: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмоний камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин тушурдим”.

Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида шундай лавҳа бор:

“ – Манимча, уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, – деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. – Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса, бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.

Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.

– Сўзингизнинг тўғрилиғида шубҳа йўқ, – деди, – аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хотинға мувофиқуттабъ бўлсин”.

Аждодларимиз келин томоннинг сепи, мол-дунёси, ота-онасининг бойлигию давлати ҳақида ўйлашни ор билган, тўйнинг қанчалик дабдабабозлик билан ўтиши ҳақида эмас, балки бўлажак оиланинг мустаҳкам бўлишини таъминловчи жиҳатларга эътибор қаратган.

Хўш, ҳозирчи? Бугунги манзара қандай?

Тўйларда ҳаддан зиёд санъаткорларни, сухандону камераларни кўпайтириш, хориж машинасида сайр қилиш, келин-куёвнинг “лавстори” – муҳаббат тарихини кўрсатиш, келин навкар тайинлаш, келиннинг дугоналарига гул отиши сингари турли ортиқча одатлар урф бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Энг ёмони, айрим ҳудудларда тўй-ҳашамларда уй-рўзғор, мебель жиҳозларини тўлиқ келин томон тайёрлашидек салбий иллат ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда телеканалларимиздан бирида берилган кўрсатувнинг видеолавҳаси тарқалди. Қайсидир маҳалла идорасида оила қурганига етти йил бўлган ёш келин-куёв ва уларнинг оналари ўзаро можаро қиляпти. Келиннинг турмуш ўртоғи ишламаётгани, фарзандлари катта бўлаётгани, хонадонидаги барча керакли буюмларни ўзининг онаси қилиб бергани ҳақида куюниб айтган гапига куёв “оригинал” жавоб берди: “Ҳар битта она қизини узатаётганда ўйлайди: беш-ўн йилгача – ўзини тиклаб олгунча, деб шунча нарсани қилиб беради”.

"Яша, азамат! Қандингни ур!" Куёв бўлмишга ота-онаси қандай тарбия бергани ҳақида баҳс-мунозара қилмоқчи эмасмиз. Аммо ота-онанинг масъулиятини, фарзини жуда яхши биладиган бу йигит ўзининг ота-онаси, оиласи ва фарзандлари олдидаги жавобгарлигини ҳам билса фойдадан холи бўлмас эди.

Яна бир кўрсатув видеолавҳасида эса журналистнинг “Келин томондан қандай сарполар келишини хоҳлайсиз?” деган саволига йигитларимиз тап тортмай костюм-шим, уй-рўзғор буюмлари, мебель сингари маиший нарсалар истаётганини айтмоқда. Биронтаси “Ўзи соғлом, одоб-ахлоқли, ота-онасига раҳмат келтирса бўлди, бошқа ҳеч нарса керак эмас!” деб айтмади, ё айтолмади.

Хўш, йигитларимиздаги бундай иллат, ота-она, никоҳ, оила, фарзанд тарбиясига нисбатан масъулиятга панжара ортидан қараш, қўпол қилиб айтганда орсизлик, боқимандалик қаердан пайдо бўляпти? Ота-оналар фарзанд тарбиясининг қайси босқичида бундай хатога йўл қўйди? Нега оилада қиз фарзанд дунёга келса, ота-оналар ташвишга тушиб қолади?

– Бобомдан эшитганман: ўша замонларда келин томон қийналмасин, деб ҳатто тўй куни ош-овқат қилишга ҳам куёв томон рухсат бермаган экан, – дейди пойтахтлик Фахриддин Нуралиев. – Яқинда бўлган воқеани эшитиб, ҳайрон қолдим. Келин томондан келган сарпонинг ичида "куёв йигит" учун аталган кийимлар ўзимизда ишлаб чиқарилган экан. Куёв томон эса бу кийимларни чет элникига алмаштиришни талаб қилибди. Ён атрофимизда бўлаётган бундай воқеаларни кўриб-кузатиб, “Бизга нима бўляпти?”, “Қаерга қараб кетяпмиз?” деган саволлар кишини қийнайверади.

Ҳа, афсуски, орамизда бундай “куёв”лар ҳам бор. Агар биз бундай иллатларимиздан қутилмас эканмиз, Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз айтганидек, “ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, юртимизда тўй-ҳашамларни, оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Маҳаллаларда тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Яқинда барчанинг эътирофига сазовор бўлган пойтахтлик ёш келин-куёвнинг тўй куни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини таклиф этгани ҳақидаги хабар эзгуликдан муждадир. Зеро, биз ор-номусни барча нарсадан устун қўядиган халқмиз. Бундай халқнинг йигитларига эса келин жўнатадиган сарпога қарашдан кўра, ота-онасига, бўлажак турмуш ўртоғига оғирлигини солмай, ўз меҳнати, кучи билан ихчамгина тўй қилиш, қолган маблағини яхшилик йўлида сарфлаш ярашади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
3 221






Все о погоде - Pogoda.uz