Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 21:32 Чоп этиш версияси

Қонунларни ишлаб чиқишда ўзаро ҳамкорлик

Жаҳон тажрибасида ҳар қайси ҳуқуқий давлат ўз сиёсатини амалга оширишда қонун устуворлиги принципининг сўзсиз риоя этилишини таъминлашга интилади. Қонуннинг мавқеи унинг амал қилинишига боғлиқ. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилишидан то кучга киргунгача бўлган барча босқичнинг самарали ташкил этилиши унинг ҳаётийлигига, халқчиллигига ва пировардида амалиётда бевосита қўлланилишига хизмат қилади.

Муайян ижтимоий муносабатни ҳуқуқий тартибга солиш тизими мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида қонунларнинг ўзида унинг ижро механизмларини имкон қадар тўла акс эттириш ёки қабул қилинаётган қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ барча қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини қонун кучга киргунгача бўлган жараёнда тайёрлаш ва ўз вақтида эълон қилиш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасини оширишда, шу билан бирга қонуннинг ижтимоий мавқеи юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этувчи барча субъектдан юксак масъулият ва профессионал ёндашув талаб этилади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигини таъминлашнинг замонавий усул ва воситалари” мавзусида ўтказилган ўқув-семинарда ана шу жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, қонун устуворлиги принципининг ҳаётийлигини таъминловчи яна бир муҳим вазифа қонунларни ўз вақтида ижрочиларга етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтиришдир. Зеро, ушбу вазифанинг бажарилиши шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги замонда фуқароларнинг қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан ўз вақтида танишишлари, энг аввало, юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан хабардорлигини оширади. Шу билан бирга, қонун билан белгиланган ҳуқуқларидан самарали фойдаланишларига имкон яратиб, мамлакат равнақига дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.

Ўқув-семинарда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида парламент ва маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлигини таъминлаш механизмлари, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш тартиби, қонун ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 053