Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 18:35 Чоп этиш версияси

Қонунлар лойиҳалари муҳокама этилди

Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Маъмурий тартиб-тамойиллар тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий суд ижрочилиги тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари доирасида “Маъмурий тартиб-тамойиллар тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий суд ижрочилиги тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлашда тадбиркорлик субъеклари, бизнес соҳаси вакилларининг таклиф-мулоҳазалари инобатга олинди. Лойиҳалар Ягона портал, шунингдек, Савдо-саноат палатасининг сайти ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди.

“Маъмурий суд ижрочилиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад маъмурий суд ижрочилигининг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратишдан иборат. Шунингдек, маъмурий-ҳуқуқий институтларни такомиллаштириш, маъмурий суд ижрочилигига оид умумий тамойиллар ва қоидаларни ишлаб чиқиш, мазкур соҳадаги халқаро тамойиллар ва стандартлар, ижобий хорижий тажриба ва ишланмаларни имплементациялашдан иборат.

Тадбирда юқорида номи келтирилган қонунлар лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, турли соҳа вакиллари томонидан мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
908






Все о погоде - Pogoda.uz