Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 16:25 Чоп этиш версияси

Қонун ҳужжатлари барчага вақтида етказилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш зарурлигини таъкидлади. Зеро, бу механизм аҳолининг ҳуқуқий маданияти ривожланиши, жамиятда қонун устуворлиги таъминланишининг муҳим шартларидан биридир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 февралдаги «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси ташкил этилаётгани шу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Пойтахтимизда «Қонун хужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзуида ташкил этилган конференцияда шулар ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда депутатлар, давлат органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, адлия вазири М.Икромов ва бошқалар қабул қилинган қонун ҳужжатлари сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишида уларни тезкорлик билан тарқатиш, мазмун-моҳиятини ижрочиларга ва аҳолига тушунтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари имзолаган «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор шу мақсадга хизмат қилади.

Бунгача қонун ҳужжатларини тарқатиш ва тарғиб қилиш бўйича яхлит тизим шаклланмагани айрим муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Шу нуқтаи назардан қарорда норматив-ҳукуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ижрочилар ва аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг сифатини ошириш, ушбу соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилган вазифалар белгиланди.

Эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларида тегишли қонун қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари кўрсатилади. Ҳужжат имзолангандан кейин унга масъул давлат органи ёки ташкилоти унинг ижроси, ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамиятининг аҳоли ўртасида тушунтирилиши юзасидан чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга тарқатиш амалиёти жорий этилади. Шу мақсадда қонун ҳужжатларини тарқатиш тартиби ва муддатлари мухтасар баён этилган қонун хужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш схемаси тасдиқланди. Унга мувофиқ Адлия вазирлигига Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига ҳужжатларни ахборот-таҳлилий материаллар билан жойлаштириш мажбурияти юкланди. Чунки мазкур вазирлик давлат органлари ва ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш ва назоратни амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи сифатида белгиланди.

Қарорда Адлия вазирлиги зиммасига суд экспертизаси фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш каби вазифалар ҳам юклатилди.

Қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун вазирликда Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларидаги ҳудудий бўлимлари, Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланиб, кенгашнинг ҳудудий комиссиялари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Конференцияда қарор ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида мулоҳазалар билдирилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 022






Все о погоде - Pogoda.uz