ЎзА Ўзбек

16.05.2019 14:53 Чоп этиш версияси

Қонун ҳужжатининг баҳоси қанча?

Қонун ҳужжатининг баҳоси қанча?


Бугун қабул қилинган қонун эртага фуқаролар, тадбиркорлар, хуллас, жамиятга қандай таъсир қилади? Бу борада ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг тизимли методологияси қандай бўлиши керак? Умуман қонун ҳужжатининг баҳоси қанча?

“Пойтахт” бизнес марказида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти шу саволлар ва бошқа масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Германиянинг Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IRZ) билан бирга “Қонун ҳужжатларининг тартибга солиш самарадорлигини баҳолаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро семинар ўтказди.

Мутахассислар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 8 августдаги фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепцияси доирасида норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини, хусусан, унинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича Ўзбекистонда салмоқли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали (www.regulation.gov.uz) фаолият юритаётгани, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўлими ташкил этилгани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Айни пайтда ушбу йўналишда комплекс тизимни жорий этиш, қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш, қонун ҳужжатларини тартибга солиш самарадорлигини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш ва бу борада ваколатли давлат органини белгилаш долзарб вазифалардан саналади.

Шу маънода, илғор хорижий давлатларнинг, хусусан, Германиянинг қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги бой тажрибасини ўрганиш муҳим ўрин тутади.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Раҳимжон Ҳакимов ушбу масалага тўхталиб, мамлакатимизда бозор иқтисодиёти тамойиллари кенг жорий қилинаётган бир шароитда қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аниқ иқтисодий баҳоси бўлиши лозимлиги, унинг қабул қилиниши, ижроси таъминланиши оддий фуқарога, тадбиркорлик субъектларига қанча харажатга тушиши, умуман, мамлакат иқтисодиётига таъсирини прогноз қилиш қабул қилинаётган қонунларнинг самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Германия Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фондининг Берлиндаги ваколатхонаси раҳбари Ангела Шмайнкўз мамлакатида бу борада шаклланган тажриба ҳақида тўхталиб, вазирликлар томонидан таклиф этилаётган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Нормалар назорати бўйича кенгаш розилигисиз ҳукумат муҳокамасига киритилмаслиги, мазкур кенгаш 2006 йилда Германия Федерал канцлери ҳузурида маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва тартибга солишни такомиллаштириш масалаларида ҳукуматга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилганини қайд этди.

Шунингдек, кенгаш ўз фаолиятини бошлагандан буён мамлакатдаги тадбиркорлар зиммасига, иқтисодиётга юклатилиши мумкин бўлган 20 миллиард евродан зиёд ортиқча харажатларнинг олди олингани ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Бугунги кунда мазкур кенгаш фаолияти кўплаб хорижий давлатлар томонидан қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Семинар якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА
1 789