Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2017 18:41 Чоп этиш версияси

Қонун билимдонлари баҳслашди

Самарқандда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунлар ҳақидаги билимини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда танловнинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган 14 жамоа иштирок этди.

– Танловнинг бу йилги саралаш босқичлари ҳам мамлакатимиздаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида юқори савияда ташкил этилди, – дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази масъул ходими С.Санақулов. – Жумладан, биринчи босқичда 80 минг ўқувчидан иборат 3517 жамоа ўзаро баҳслашди. Танловнинг иккинчи – туман, шаҳар босқичида эса 193 жамоа сараланиб, улар учинчи босқичда мамлакатимиз қонунлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга оид билимини намойиш этди ҳамда якуний босқичда қатнашадиган жамоалар аниқланди.

Танлов шартларига мувофиқ, иштирокчилар ўз таълим муассасаларида яратилган шароит, илмий ижод ва малакавий изланишлар учун мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот бериб, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тушунчаларини баён этди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган таклифлар кўргазмали тарзда намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ва кодексларга оид билимлари савол-жавоб орқали синовдан ўтказилди. Жамоалар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишларида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш масалалари акс этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг “Истиқлол қанотлари” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Жиззах педагогика институти қошидаги 2-академик лицейнинг “Статус” ва Қашқадарё вилояти Нишон саноат ва энергетика коллежининг “Миранда” жамоалари кейинги совринли ўринларга сазовор бўлди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 485






Все о погоде - Pogoda.uz