ЎзА Ўзбек

28.06.2018 16:52 Чоп этиш версияси

Онлайн: Сенатда Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича маълумот берилди

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари билан боғлиқ саволлар берди.

Саволлардан бири собиқ бош прокурор Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг қандай кетаётгани ҳақида бўлди.

Бунга жавобан Бош прокурор О.Муродов айни пайтда Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилди.

Жиноят-процессуал қонунчилик нуқтаи назаридан тергов тафсилотлари ошкор этилмайди.

Бир нарсани айтиб ўтиш мумкинки, собиқ бош прокурор Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида 24 нафар шахс жавобгарликка тортилган.

Фуқароларга шуни етказиб қўйиш керакки, деб қайб этди Бош прокурор, бу каби жиноят ишлари қўзғатилишидан мақсад – бунга йўл қўйган шахсларни қамаш эмас, балки етказилган зарарни ундириш. Бошқача айтганда, улар еган нарсаларини жойига қўйиб қўйса, қамоқдан озод қилиниб, қўйиб юборилиши ҳам мумкин.

Лекин талон-торож қилинган маблағлар жуда катта миқдорни ташкил этади. Вақти келиб халқимиз бунинг ҳаммасини билиб олади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
10 008