ЎзА Ўзбек

05.09.2018 10:30 Чоп этиш версияси

ОНЛАЙН. Расмий ташриф тафсилотлари журналистлар нигоҳида

ОНЛАЙН. Расмий ташриф тафсилотлари журналистлар нигоҳида
Аввал хабар қилганимиздек, Миллий матбуот марказида журналистлар учун ташкил этилган брифингда Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг юртимизга ташрифига доир тадбирларни ОАВ ходимлари онлайн кузатиб бормоқда.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи тадқиқотчиси Азиз Каримов мазкур учрашувларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари хусусида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг халқаро сиёсатдаги кўплаб ташаббуслари Миср давлати томонидан ҳамиша қўллаб-қувватланган. Сўнгги йилларда Африка қитъаси мамлакатлари биргаликда ўз имкониятларидан келиб чиқиб кенг кўламда ривожланишга ҳаракат қилмоқда. Бу жараёнда асосий ташаббускор давлат айнан Миср ҳисобланади. Мамлакатимизнинг ушбу давлат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши эса минтақада янги иқтисодий имкониятларни очилишига олиб келади. 

Журналистлар томонидан Ўзбекистон билан Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, таълим ва бошқа кўплаб соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг келгусидаги истиқболлари хусусида берган саволларига жавоб олди. 

Эслатиб ўтамиз, журналистлар расмий ташриф тафсилотларини кузатишда давом этмоқда.

ЎзА
3 547