ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Онлайн-НКМ: қулайликлар нималардан иборат

Онлайн-НКМ: қулайликлар нималардан иборат

Бугун юртимизда хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектлари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратмоқда.

Маълумотларга қараганда Қашқадарё вилоятида бугун жами 19 минг 745 та нақд пул тушумига эга тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида уларда 6 минг 179 маротаба нақд пул тушумининг ҳақиқий ҳажмини аниқлашга қаратилган хронометраж тадбирлари ўтказилган. Ушбу тадбирларни ўтказиш учун солиқ идораси ходимлари кун давомида шу тадбиркорлик субъектида бўлиши талаб этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, унинг ҳажмини кескин ошириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида аҳоли билан нақд пулда, ёки банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси — виртуал кассалар, онлайн назорат касса машиналари жорий этилди.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари онлайн-назорат касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади.

Шунингдек, кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади.

– Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графигига мувофиқ, жорий йилнинг 1 декабрига қадар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дезиль ва газ қуйиш шохобчаларига онлайн назорат касса машиналари ўрнатилиши белгиланган. Бугун вилоятда 1744 та ана шундай тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Биз тадбиркорлик субъектларида онлайн назорат касса машиналари қулайлигини тушунтириб келмоқдамиз, – дейди Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Ғанишер Караманов.

Олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар соҳага ахборот технологияларни жорий этиб, иш сифати ва самарадорлигини оширишга асос бўлади.

Қашқадарё вилояти давлат
солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

747
ЎзА