ЎзА Ўзбек

01.08.2018 11:01 Чоп этиш версияси

ОНЛАЙН: Андижонда тест синовлари бошланди

ОНЛАЙН: Андижонда тест синовлари бошланди

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби бугун эрталаб 8:00 дан Андижон вилоятида ҳам олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланди.

2 (1).JPG

– Жорий йилда вилоятдаги тўртта олий ўқув юртига 47 минг 432 нафар йигит-қиз талаба бўлиш ниятида ҳужжат топширган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Ҳусниддин Алиев. – Улар 64 бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 3 минг 390 талаба ўрни учун ўз билимларини синовдан ўтказади. Албатта, ўз йўналишлари бўйича энг билимдон ёшлар талабалик бахтига сазовор бўлади.

1.JPG

Дарҳақиқат, рақамларга эътибор қаратилса, вилоят бўйича бир ўринга 13,9 абитуриент тўғри келган. Биргина Андижон давлат университетига 26 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширган. Андижон давлат тиббиёт, машинасозлик институтлари, шунингдек, Тошкент аграр университети Андижон филиалида ўқиш истагидаги ёшлар ҳам салмоқли.

4.jpg

Таъкидланганидек, тест синовлари ҳар йилгидан ўзгача тарзда ўтмоқда. Мазкур жараённинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш учун тест синовлари ўтказилаётган Андижон олимпия захиралари коллежида 2040 нафар абитуриент бир вақтда синов топшириши учун зарур барча шароитлар яратилди, бино совитиш ва вентилация жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, бинога 6 дона айланма кузатув, 46 дона кузатув, 5 дона шахсни идентификация қиладиган камералар ўрнатилди. Тест жараёни онлайн тарзда интернет орқали кўрсатиб борилмоқда, кўчага ўрнатилган катта экранларда ота-оналар, кенг жамоатчилик ҳам жараённи бевосита кузатиб бормоқда.

3.JPG

Об-ҳавонинг иссиқлиги ҳисобга олиниб, тест синовлари ўтказилаётган бино олдида салқин ичимликлар савдолари, кутиш ва дам олиш жойлари ташкил этилган.

Ф. Убайдуллаев, ЎзA
18 258