Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 17:13 Чоп этиш версияси

Онкологлар тажриба алмашди

Ўзбекистон Республикаси онкология илмий марказида лимфопролифератив касалликларни даволаш масалаларига бағишланган илмий семинар бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз шифокорлари, Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази мутахассислари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликлар самарасида онкология соҳаси ҳам жаҳон тиббиёти билан ҳамқадам ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Бу йўналишда кўплаб илмий изланишлар олиб борилмоқда ва ҳаётга татбиқ этилмоқда. Олимларимиз томонидан кўкрак бези, меъда, йўғон ичак, қовуқ саратонини жарроҳлик йўли билан даволашнинг янгича усуллари яратилди. Диагностика ва даволаш амалиётига янги технологиялар жорий этилмоқда. Натижада аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлиги юксалиб бормоқда, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.

Сўнгги йилларда онкологик шифо муассасаларининг барчаси босқичма-босқич модернизация қилинди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятларидаги онкология диспансерлари биноси янгидан қурилди. Фарғона, Навоий ва Жиззах вилоятлари онкология диспансерларида радиология бўлимлари очилди.

Мамлакатимиз илм-фани эришаётган ютуқларни оммалаштириш ва жаҳон тиббиётининг илғор тажрибасини татбиқ этишда дунёнинг энг ривожланган тиббиёт марказлари, хусусан, Россиянинг онкология соҳасига ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази билан Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. 27 мартда Ўзбекистон онкологлар уюшмаси билан Россия онкологлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжатлар онкологик касалликлар билан курашиш бўйича илмий, амалий ва услубий ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар малакасини ошириш, илм-фан ютуқларини оммалаштириш, тиббий хизматни ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар ўтказишни назарда тутади.

– Муассасаларимиз ўртасида имзоланган ҳужжат ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга, мунтазам фикр ва тажриба алмашишга хизмат қилади, – деди Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази мутахассиси Наталья Фалалеева. – Дастуримиз доирасида Ўзбекистондаги қатор онкология диспансерларида бўлдик. Шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашдик. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида, хусусан, онкология соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, муассасаларда яратилган шарт-шароитлар, айниқса, у ерлардаги тозалик ва экологик муҳит бизда катта таассурот қолдирди. Соҳада йўлга қўйилган профилактика тадбирлари эътиборга молик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашишни фаоллаштириш ниятидамиз.

Тадбирда россиялик мутахассисларнинг лимфопролифератив касалликларни даволашнинг назария ва амалиётига оид маърузалари тингланди. Онкологик касалликларни ташхислаш ва даволашнинг замонавий усуллари бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

Ташриф доирасида Россия онкология илмий маркази делегацияси Тошкент, Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги онкология диспансерларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди. Элликдан ортиқ беморларни тиббий кўрикдан ўтказди. Онкологиянинг долзарб мавзуларида семинар-тренинглар ташкил қилинди. Шифокорларни ўқитиш ва малакасини ошириш, саратонга қарши дастурлар ишлаб чиқиш, бу борада ҳамкорликни фаоллаштириш, онкология хизматига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар онкологияни илмий ва амалий жиҳатдан ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, соҳада профилактика тадбирларини кучайтириш, ташхислаш ва даволашнинг янги самарали усулларини амалиётга кенг татбиқ этишга хизмат қилади.

Нодира Манзурова, ЎзА
3 216






Все о погоде - Pogoda.uz