Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 17:26 Чоп этиш версияси

Онкология йўналишидаги тиббий хизматнинг бугунги ҳолати қандай?

Онкология йўналишидаги тиббий хизматнинг бугунги ҳолати қандай? Бугун юртимизнинг барча ҳудудларидаги онкология диспансерлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалларига айлантирилди. Мавжуд бинолари реконструкция қилинди ёки капитал таъмирланди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятларида янгидан қурилди.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида аҳолига онкология йўналишида тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва 2017 йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Шунингдек, касалликлар скринингини ўтказиш, эпидемиологиясини ўрганиш, онкологик касалликлар ягона электрон базасини йўлга қўйиш, тиббий статистикани тўғри олиб бориш, бутун онкология тизимини назорат қилиш ва онкологик касалликларни олини олиш ишларини яхшилаш мақсадида – саратон профилактикаси маркази очилиши ҳақида ҳам хабар берилди.

– Маълумотларга кўра, мазкур хасталикка чалинган беморларнинг 30 фоизи профилактика ишлари натижасида аниқланади, – деди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори М.Тиллашайхов. – Ҳозирги кунда онкология хизматининг вертикал тизими яратилган бўлиб, ҚВП ва оилавий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокорлари томонидан онкологик касалликларга гумон бўлган беморлар вилоятлардаги филиалларга йўлланма асосида юборилмоқда. Филиалларда беморлар текширилиб, онкологик касаллик тасдиқланса, уларга юқори малакали ихтисослашган ёрдам кўрсатилади. Ҳудудлардан пойтахтга текшириш ва даволаниш учун мурожат қилаётган беморлар сони камайиб бормоқда. Ўтган йилда 6700 бемор кўрикдан ўтказилди. Ҳудудларда 218 та жарроҳлик амалиёти бажарилди.

Жорий йилда Президент қарори асосида онкология муассасаларининг дори воситалари учун таъминотига 5,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Нур терапия ўтказиш учун 2 та замонавий чизиқли тезлаткич харид қилинди. Бундан ташқари, республика бўйича 11 та гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик ускуналар ўрнатилади. Республиканинг онкология муассасалари энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади.

Барча вилоят филиалларида кечки босқичлардаги беморлар учун жами 200 ўринли паллиатив ёрдам бўлимлари ташкил қилинди. Ҳозир бўлимларни жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА
8 934