ЎзА Ўзбек

15.05.2018 12:05 Чоп этиш версияси

Она заминга хиёнат қилманг!

Она заминга хиёнат қилманг!
Орол денгизига медиатур

Орол денгизи қорақалпоқ халқининг катта обиҳаёт манбаи бўлган. Ҳавзасининг катталиги жиҳатидан Каспий денгизи, Америкадаги Юқорикўл ва Африкадаги Виктория кўлидан кейин тўртинчи ўринда турган.

Денгиз атрофида яшовчи аҳоли асосан балиқчилик, қисман чорвачилик, мўйначилик, сабзавот-полизчилик билан машғул бўлар, Орол эса уларга туганмас ризқ келтирарди. Бир қанча балиқ овлаш хўжаликлари, балиқ тузлаш заводлари ва балиқчилик комбинатининг ишлаб тургани бунга яққол мисол. Денгизда кемалар қатнови мавсуми 7 ой давом этиб, Аральск ва Мўйноқ каби йирик портлари ҳамиша гавжум эди.

2.JPG

Минг афсуски, ХХ асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёда суғориш каналлари катта кўламда барпо этилган. Амударё ва Сирдарё сув ресурсларини нотўғри тақсимлаш натижасида Орол денгизи қурий бошлаган. Бугун Орол денгизининг қуриган қисми майда туз ва тупроқ заррачалари билан қопланиб бораётир. Бу ерда эсаётган кучли шамол туз ва тупроқ заррачаларини ҳавога ва ундан узоқ масофаларга тарқатмоқда. Кундан-кунга денгиз суви камайиб ва шўрланиш даражаси эса йилдан-йилга ортиб бораётгани айни ҳақиқатдир.

Шу нуқтаи назардан айтганда, Орол бугун глобал муаммога айланди. Бу муаммонинг ечимини излаш, иқлим ўзгарганда сувдан оқилона фойдаланиш, табиатга қарама-қарши боришнинг оқибатлари бизни сергакликка ундайди. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали бу борада мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, янги лойиҳага қўл урган.

5.jpg

Мазкур “Ўзбекистонда сув ва экологик масалалар бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳасида асосан сув ресурсидан оқилона фойдаланиш, уни тежаш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш муҳимлигига эътибор қаратилган.

Жорий йилнинг 10-12 май кунлари ушбу лойиҳа бўйича медиатур ташкил этилди. Шу муносабат билан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, Орол денгизи, Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудидаги Судочье кўли, Устюрт платоси, Урга қишлоғи, Устюрт чинклари, Оролнинг қуриган қисми ўрнида пайдо бўлган тўқайзорлар, Учсой балиқчилар қишлоғи, Кемалар музейи, Амударё соҳиллари билан танишди.

12 (1).JPG

– Орол денгизи ва унинг фожиаси ҳақида кўп эшитганман. Лекин уни бир кўриш орзусида эдим, – деди медиатур иштирокчиси Д.Собирова. – Денгизнинг қуриган қисми тузликлар билан қопланибди. Осмонга учган туз ва тупроқ заррачалари Оролга чанг каби ёпирилганидан денгизнинг нариги қирғоғини кўриб бўлмайди. Бундай ҳолатни кўриш жуда ачинарли. Лекин собиқ шўро тузумида йўл қўйилган хатолар бизни ҳар томонлама ўйлашга, бу каби фожиалардан тўғри хулоса чиқаришга ундайди. 

Айрим маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасидаги суғориладиган майдонларнинг ҳар гектарига бир йил давомида 250 килограмм, баъзи бир ҳудудларда 500 килограммгача тузли чанг ёғилади. Қуриган денгиз тубидан бир йил давомида 15 миллиондан 75 миллион тоннагача чанг кўтарилиши мумкин. Тузли чанг тўфонларининг кенглиги 40 километрга, узунлиги 400 километрга етар экан. Тузли чанг Оролқумдан ўнлаб, ҳатто юзлаб километр масофага тарқалади. Орол чанги ҳатто Тяньшань ва Помир тоғлари чўққиларидаги музликларга ҳам етиб борган.

13.JPG

– Албатта, бу маълумотлар ҳар бир инсонни хавотирга солиши мумкин, – деди тарих фанлари номзоди О.Дўспанов. – Лекин Орол денгизини асраш масаласи давлатимиз эътиборида. Бу муаммони ҳал этишда нафақат Ўзбекистон, балки хорижий давлатларнинг қатор лойиҳалари амалга оширилган. Бу борада ижобий натижаларга эришилмоқда. Денгизнинг қуриб қолган қисмини кўкаламзорлаштириш, саксовуллар экиш чоралари кўрилди. Бироқ шунга қарамасдан, денгиз сувининг қуриши ва шўрланишининг олдини олиш мушкул бўлмоқда. 

Бугун инсоният қўли билан фожиага гирифтор этган Орол денгизи сайёҳларни чорламоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан келувчилар мазкур ҳудудни ўз кўзи билан кўриш истагида.

Шу сабабли Орол денгизининг суви сақланиб қолган Оқтумсиқ бурунида “Tazabay Grand Service” ҳамда “Muinok tour” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ўтовлардан иборат туристик мажмуалар ташкил қилинган. “Muinok tour” корхонаси томонидан Мўйноқ туманидаги эски Орол соҳилида, яъни “Очиқ осмон кемалар музейи” атрофида 4 та ўтовли уй, умумий овқатланиш шохобчалари сайёҳларга хизмат қилмоқда.

Мўйноқ тумани ҳудудидаги Судочье кўли 240 дан ортиқ турдаги қушлар, жумладан, фламингонинг макони ҳисобланади. Бундан ташқари, Орол денгизи, Устюрт кенгликлари тарихи ҳам олимларимиз эътиборини тортиб, илмий изланишларга ундамоқда.

– Лойиҳа Европа Иттифоқининг «Ўзбекистонинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастури доирасида амалга оширилмоқда, – деди "UzWaterAware" лойиҳасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Р.Эрдман. – Орол денгизига қилган уч кунлик саёҳатимизнинг асл мақсади, аввало, Ўзбекистон иқтисоди учун сувнинг жуда муҳим эканини иштирокчиларга фактлар билан кўрсатиш эди. Мана, улар Орол тўғрисида тўлиқ таассуротга эга бўлди. Бу эса ҳар биримизни огоҳликка чорлайди, аҳолининг хабардорлигини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Насиба Зиёдуллаева, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА
12 097