Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 18:35 Чоп этиш версияси

Она замин ёшлар қўлида

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган Республика ёш фермерлар кенгаши Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан жорий этилган грант совриндори бўлди.

Ёш фермерлар кенгаши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан уюшмаган ёшларни фермерлик ҳаракатига жалб этиш, ёш фермерлар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ва масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш, хорижий илғор тажрибаларни фермерлар фаолиятига жорий қилишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи атрофида бирлаштириш мақсадида ташкил этилган.

Кенгаш томонидан ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида фермерлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мазкур танловда «Томорқа даромад манбаи» лойиҳаси билан иштирок этган Республика ёш фермерлар кенгаши грант совриндори ҳамда "Sharq telekom" компаниясининг бир ойлик бепул интернет хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи сертификатга эга бўлди.

– Мамлакатимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика ёш фермерлар кенгаши мутахассиси Илёс Сафаров. – Бу эса аҳолини арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда мамлакатимизда 4 миллиондан ортиқ шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари мавжуд. Мазкур хўжаликлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорва молларини парваришлаш борасида амалга оширилаётган ишларни етарли деб бўлмайди. Қолаверса, улар учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар жорий этилган бўлиб, ушбу имтиёзлар борасида ҳам маълумотларга ҳамда соҳага доир ҳуқуқий билимларга эга эмас. Қишлоқ жойларда томорқа эгаларига томорқадан фойдаланиш маданиятини ўргатиш зарурати мавжуд.

Ана шуларни инобатга олиб, кенгаш томонидан ёшларни фермерликка жалб қилишга йўналтирилган «Она ер ёшлар қўлида» деб номланган янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Танловда қўлга киритилган грант маблағини мазкур лойиҳага йўналтириш кўзда тутилган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 594






Все о погоде - Pogoda.uz