Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 12:45 Чоп этиш версияси

Оммавий китобхонлик ҳафталиги

Сирдарёда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот-ресурс маркази, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, олимлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи-ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Айни пайтда ахборот-ресурс марказимиз 32 минг 500 дан ортиқ бадиий китоб фонди, 8 минг 200 та электрон китоб, турли дарслик ва қўлланмаларга эга, – дейди вилоят ахборот-ресурс маркази директори Ш.Шукурова. – Вилоят ҳокими ташаббуси билан марказнинг китоб фондини янада бойитиш мақсадида 35 миллион сўм маблағ ажратилди. Кутубхона фонди ҳомий ташкилотлар ва саховатли китобсеварлар ёрдами билан кундан-кун бойиб бораётир.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” доирасида ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа завқини уйғотиш, маҳалла ва ҳар бир оилада китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида таълим муассасалари, олис қишлоқларда кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, “Бир фарзандга уч китоб” лойиҳаси доирасида китоб савдоси, ярмарка, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Тадбир давомида “Китобхон аёллар” кўрик-танлови, “Китоб жавонидаги қаҳрамонлар”, “Ота-она – ўқувчи ва кутубхоначи” мавзуларида савол-жавоблар викторинаси, “Қизиқарли интернет” мавзусида ўқувчи-ёшларнинг ахборот билимдонлигини ошириш бўйича машғулотлар ўтказилди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

– Вилоят миқёсидаги “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” бизнинг туман ахборот-ресурс маркази жойлашган 41-умумтаълим мактабида якунланди, – дейди Сирдарё тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими етакчи мутахассиси Жумагул Рўзиева. – Бугунги тадбирда ёшларнинг китобга, мутолаага муносабати ўзгарганини кузатиш айниқса завқли бўлди.

Тадбир доирасида ўтказилган учрашувда шоир-ёзувчилар, таржимонлар вилоят, туман ахборот-ресрус марказлари кутубхонасига ўзлари ёзган ва таржима қилган асарлардан тақдим этди.

Ҳафталик вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 098






Все о погоде - Pogoda.uz